30 ноябрь куни Европа комиссияси Ўзбекистон томонидан «GSP+» Преференциялар бош тизими плюс бенефициар — мамлакати мақомини олиш учун юборилган ариза бўйича муддатидан олдин ижобий қарор қабул қилди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тегишли ҳужжат ЕИ Комиссияси Раиси Урсула фон дер Ляйен томонидан имзоланди.

«Қарор Европа комиссияси мониторинг гуруҳларининг Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат стандартларига риоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасидаги 27 халқаро конвенция талабларини бажараётгани тўғрисидаги ҳисоботлари асосида қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Ўтказилган таҳлилларга асосланиб, Европа комиссияси Республикамиз «GSP+»да иштирок этиш мезонларига мувофиқ келиши тўғрисидаги хулосага келди ва уни ушбу тизимнинг бенефициарлари рўйхатига киритишни таклиф қилди.

Белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ, мазкур қарор энди кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Европа Кенгаши ва Европа парламентига ҳавола этилади. Қарор тасдиқлангандан сўнг Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари ўз маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилишда бир томонлама тариф имтиёзларидан фойдаланишни бошлашлари мумкин бўлади. Шунда, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ЕИ мамлакатларига экспорт қилишлари мумкин бўлган товар позицияларининг сони 6200гача ошади. Бу ҳозирга қараганда икки баравар кўпроқ.

Ҳозирда Ўзбекистон базавий GSP тизимидан фойдаланмоқда. Унга кўра, мамлакат ЕИга 3000 та товар позициясини божхона тўловларисиз ва 3200 та товар позициясини пасайтирилган ставкаларда экспорт қилиши. мумкин.