Мамлакатлар, корхоналар ва сайёранинг ҳар бир аҳолиси кўтарилиб бораётган глобал исишни назорат остида ушлаб туриш учун қандай аниқ чораларни кўришга тайёр ва қандай ҳозирлик кўрмоқда — бу мавзу шу кунларда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича йиллик конференциясининг (COP26) асосий мавзуси бўлиб турибди.

Ўзбекистон учун иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бирламчи аҳамият аҳамият касб этади, зеро қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, иқтисодиёт ва инсонлар саломатлиги ва келажаги иқлим ўзгариши зарбаси остида турибди.

Ўзбекистон 2018 йилда Иқлим бўйича Париж келишувини ратификация қилиб, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари (карбонат ангидрид, метан, азот оксиди) ажратилиши ҳажмини 2010 йилдаги базавий даражадан 10 фоизга камайтиришга ваъда берди.

Буни 2019−2030 йилларда яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида эълон қилинган муқобил энергетикани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ва бошқа чора-тадбирлар ҳисобига амалга ошириш режалаштирилган.

Ўзгидромет директори Шерзод Хабибуллаевнинг Living Asia нашрига маълум қилишича, 2021 йилда БМТнинг Иқлим ўзгаришлари бўйича Доиравий конвенцияси сайтида Ўзбекистоннинг янгиланган маълумотлар бўйича 1990−2017 йилларда иссиқхона газлари чиқарилиши тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган дастлабки икки йиллик ҳисоботини эълон қилди.

2017 йилда иссиқхона газларининг умумий эмиссияси 189,2 млн тонна СО2-эквивалентига тенг бўлди (ютилишни ҳисобга олмаганда).

2017 йилда аҳоли жон бошига 5,8 тонна СО2-экв./киши, ЯИМ бирлигига — 2,55/долларни ташкил этди.

Ўзгаришлар тенденцияси қуйидагича: 1990−2017 йилларда ажратмаларнинг умумий ҳажми 6,7 фоизга ошди, 2013−2017 йилларда эса ушбу миқдорнинг 0,6 фоизга пасайгани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг янги мақсади: 2030 йилга бориб ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ажратилишини 2030 йилгача 2010 йил даражасидан 35 фоизга (илгари кўрсатилган 10 фоиз ўрнига) камайтириш.

Иссиқхона газлари ажратилишида асосий ҳисса энергетика — 76,3% ва қишлоқ хўжалиги — 17,8% соҳаларига тўғри келади.

2030 йилгача мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариш, ЯИМ энергия самарадорлигини икки баравар ошириш, саноат корхоналари инфратузилмасини модернизация қилиш, уларнинг энергия самарадорлигини камида 20 фоизга оширишни таъминлаш, тоза технологиялардан кенг фойдаланиш, ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришиш ва бошқа чора-тадбирлар режалаштирилган.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда исишнинг ўртача даражаси жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, музликларнинг жадал эриши, сув ресурсларининг камайиши, экстремал метеорологик ҳодисалар: сел, қор кўчкилари, қурғоқчиликлар сонининг кўпайиши кузатилмоқда. Энг йирик экологик офатлардан бири — Орол денгизининг қуриши вазиятни янада оғирлаштирмоқда, Оролқум шўр чўли бутун мамлакат экологиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, дейилади материалларда.