Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфидаги корхоналардан бирида масофадан бошқариладиган жанговар модул ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, соҳа мутахассислари томонидан маҳсулотнинг барча конструкторлик-техник ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, улар асосида йирик калибрли пулемёт ҳамда замонавий электрон-оптик кузатув ва нишонга олиш мосламалари билан жиҳозланган жанговар модулнинг тажриба намунаси ишлаб чиқилди ва шу кунларда завод синовларидан ўтказилмоқда.

Мазкур пулемётни зирҳли ҳарбий техникаларга ҳам ўрнатса бўлади.

Аввалроқ, Krantas Group ва Тўйтепа металлоконструкциялар заводи Тошкент вилоятида ҳарбий ва махсус техника ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчилиги ҳақида ёзгандик. Жумладан, енгил зирхли автомобиллар, автоцистерна, тракторлар, юк ва ахлат ташувчи, қор тозаловчи ва бошқа машиналарни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Президентга тақдимот қилинган лойиҳа 55 млн долларга баҳоланганди.