Кобулда шифохонадаги портлашларда 23 киши ҳалок бўлди

Кобулдаги шифохона биносига бир гуруҳ террорчилар ҳужум қилди, у ерда портлашлар содир бўлди, «Толибон» билан тўқнашувлар давом этмоқда, деб хабар берди РИА Новости.

«Бир гуруҳ худкуш-террорчилар 400 ўринли касалхонага бостириб кирди, тўқнашувлар давом этмоқда. Ҳужумчилар олд эшикни портлатиб юборишди», — дейилади хабарда. Ўз навбатида, «Толибон» вакили Билол Каримий сешанба куни Кобулда иккита портлаш содир бўлганини тасдиқлаган.

Кобулдаги шифохонага уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 тага етган, жароҳатланганлар сони эса 50 дан ортиқ. Хабарга кўра, касалхонага тўрт киши ҳужум қилган. Улардан бири кириш эшик олдида ўзини-ўзи портлатиб юборган, қолганлари «Толибон» томонидан йўқ қилинган. Афғонистон Bakhtar агентлигининг хабар беришича, ҳужум «Ислом давлати» террорчилик гуруҳи жангарилари томонидан амалга оширилган — Риа Новости.


Дунё етакчилари 2030 йилга қадар ўрмонларни кесмасликка келишиб олди

100 дан ортиқ дунё етакчилари 2030 йилгача ўрмонларни кесишни тўхтатишга ваъда берди. Бу Глазгода иқлим бўйича саммитдаги биринчи йирик келишув, деб хабар берди BBC.

Ушбу қарорни қўллаб-қувватлаган давлатлар орасида Бразилия, Россия, Канада, Колумбия, АҚШ, Буюк Британия ва Индонезия бор. Қайд этилишича, дунё ўрмонларининг қарийб 85 фоизи ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Шартномага кўра, 20 млрд доллар ҳозиргача шикастланган ўрмон майдонларини тиклаш ва ўрмон ёнғинларига қарши курашга йўналтирилади. Шунингдек, 28 мамлакат ҳукуматлари қишлоқ хўжалиги, хусусан, пальма ёғи, какао ва соя етиштириш учун ўрмонларни кесишни тўхтатиш мажбуриятини олади.

Хабарга кўра, Индонезия пальма ёғи экспорти бўйича дунёда биринчи ўринда туради, унинг ишлаб чиқарилиши ўрмонларнинг вайрон бўлишига ва маҳаллий халқлар яшайдиган ҳудудларнинг йўқолишига олиб келмоқда. Россия ўрмонлари сайёрадаги барча дарахтларнинг бешдан бир қисмини ташкил қилади, улар йилига 1,5 миллиард тонна карбонат ангидридни ўзига ютади. Дунёдаги энг катта тропик ўрмонлар Бразилиядаги Амазон тропик ўрмонлари ҳисобланади. Бироқ ушбу ўрмонларда 2020 йилда рекорд даражада йўқотишлар кузатилган — Интерфакс.


Жанубий Суданда АН-26юк самолёти қулади

Жанубий Судан аэропорти расмийси сешанба куни пойтахт Жубада юк ташувчи самолётнинг қулаши оқибатида беш экипаж аъзоси ҳалок бўлганини айтди. Optimum Aviation Ltd компаниясига тегишли самолёт Жуба халқаро аэропортидан мамлакат шимолидаги Юқори Нил штатида жойлашган Мабан округига йўл олганида қулаб тушган. Ҳалокат сабаблари аниқ эмас, деб хабар берди AP.

«Беш киши, жумладан учувчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди», деди аэропорт директори Кур Куол. Унинг айтишича, икки нафар Россия фуқароси ва 3 нафар Жанубий Судан фуқароси ҳалок бўлган.


Ироқ келгуси йилда Саддам Ҳусайннинг бостириб киргани учун Қувайтга товон пули тўлайди

Келгуси йилда Ироқ ҳукумати 1990 йил августида Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн қўшинларининг амирликка бостириб киргани учун ниҳоят Қувайтга товон пули тўлайди. Бу ҳақда сешанба куни Ироқ бош вазирининг молиявий маслаҳатчиси Мазҳар Муҳаммад Солиҳ маълум қилди.

«Кейинги йил бошида Бағдод 1990 йилда Ироқнинг қўшни амирликка бостириб кириши муносабати билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан белгиланган Қувайтга тўловларни тўлиқ якунлайди», деди Ироқ ҳукумати раҳбарининг маслаҳатчиси. Солиҳнинг айтишича, Ироқ ҳукумати компенсация дастури доирасида октябрь ойи охирида Қувайтга 490 миллион доллар ўтказган. 629 миллион долларга баҳоланган қолган қисмини Ироқ бош вазирининг маслаҳатчисининг сўзларига кўра, Бағдод 2022 йил бошида тўламоқчи.

1991 йил март ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарори билан Ироқ Қувайтга бостириб кирганидан кейин унга товон пули талабларини кўриб чиқиш учун махсус қўмита тузилди. Ушбу қўмита қарорига кўра, Ироқ халқаро ташкилотларга, шунингдек, Қувайт юридик ва жисмоний шахсларига жами 52,4 миллиард доллар тўлаши керак эди — ТАСС.


Зеленский Қрим ва Донбасс шаҳарларини «Европа марказидаги экобомбалар» деб атади

1994 йилги Будапешт меморандуми бўйича Украинанинг хавфсизлик кафолатлари бажарилмагани оқибатида сайёра Европа марказида иккита «экологик бомба» — Қрим ва Донбасснинг бир қисмига эга бўлди. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг бу борадаги баёноти БМТнинг иқлим бўйича Глазгодаги конференциясида эълон қилинган, деб хабар беради «РБК».

«Қрим ярим ороли ўзининг ноёб флора ва фаунаси билан Россиянинг ҳарбий-денгиз базасига айланди. Донбасснинг бир қисмида эса — сувга тўлган шахталар, тупроқ деградацияси, ичимлик сувининг етишмаслиги ҳолатлари кузатилмоқда. Буларнинг барчаси ҳозир содир бўляпти. Бу бутун дунё учун умумий таҳдид. Бизнинг давримизда қаерда содир бўлишидан қатъи назар, муаммо ҳаммага таъсир қилади», — деди Зеленский ва Чернобил фожиасини эслади.

Зеленский, шунингдек, агар одамлар уни сақлаб қолиш учун чоралар кўрмаса, сайёрамизнинг келажаги ҳақида фикрларини билдирган.

«Биз таслим бўлишимиз мумкин. Сув тошқинлари ва ёнғинлар ҳар ҳафта содир бўлади. Биз денгизда фақатгина кимёвий ҳимоя кийимида суза олишимиз мумкин. Биз умримизнинг қолган қисмини респираторларда ўтказамиз. Тоза ичимлик суви фақат дам олиш кунларида келади. Заҳарли бўлмаган тупроқда этиштирилган маҳсулотлар фақат янги йил ва махсус байрамлар учуннгина мавжуд бўлади. Дунёда ўртача умр кўриш ёши эса 25−30 йилни ташкил қилади. Балки бу биз, инсоният учун, бу бизнинг сайёрамиз эканлигини унутганлар учун адолатли жазо бўлар. Бу сайёра бизники дейдиганлар учун — бу айиқлар, йўлбарслар, пандалар, коалалар, китлар, акулалар сайёраси», — дея таъкидлади Украина президенти.

«Нафақат янги технология моделлари билан фахрланиш, нафақат нимадир яратаётганимиз, балки ниманидир тежаётганимиз билан ҳам фахрланишимз керак», — дея қўшимча қилди Зеленский.