Марказий банк январь-сентябрь ойлари якунлари бўйича тижорат банклари томонидан амалга оширилган кредитлаш ва банкларда юзага келган муаммоли кредитларнинг турли сегментлари бўйича ўтказилган таҳлил натижаларини тақдим этди.

Жорий йилнинг ўтган даврида банк тизими асосий кўрсаткичларида ижобий ўсиш суръатлари сақланиб, мақбул даражадаги молиявий барқарорлик кўрсаткичлари доирасида иқтисодиётнинг кредитга бўлган талаби қондирилмоқда, дея қайд этди Марказий банк.

Қайд этилишича, банклар томонидан иқтисодиётга 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида 119,5 трлн сўм миқдорида ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,8 фоиз кўпроқ кредит ажратилган.

Мазкур кредитларнинг асосий қисми, яъни 91 трлн сўми (76 фоизи) тадбиркорлик субъектларига (корпоратив мижозлар) ажратилган бўлиб, уларнинг 66 трлн сўми узоқ муддатли инвестицион лойиҳаларга ва 25 трлн сўми револьвер асосида хўжалик фаолияти узлуксизлигини таъминлашга йўналтирилган.

Аҳолини истеъмол эҳтиёжларини қондириш ва даромадли меҳнат билан банд бўлиш мақсадларига жами 29 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46 фоиз ёки 9,2 трлн сўм кўпроқ кредитлар йўналтирилган.

Аҳолига ажратилган жами кредитлар қолдиғи жорий йилнинг 9 ойи давомида 11 трлн сўм ёки 20 фоизга ошиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 66 трлн сўмни ташкил этган.

Графикдан кўриниб турибдики, аҳоли кўпроқ микроқарзлар ва микрокредитларга мурожаат қила бошлаган. Автомобиль кредитлари энг кўп мурожаат қилинаётган хизмат бўлиб қолмоқда, аммо ипотека ва истеъмол кредитлари баланси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган.

Муаммоли кредитлар ҳолати

Банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) улуши жорий йилнинг июль ойида энг юқори даража, 6,2 фоизга етган эди.

Охирги уч ойда банкларнинг кредит портфели сифати босқичма-босқич яхшиланмоқда.

Шунингдек, муаммоли кредитлар улуши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида 0,4 фоиз бандга камайиб, 1 октябрь ҳолатига 5,8 фоизни (18,1 трлн. сўм) ташкил этган. Ушбу муаммоли кредитларнинг 29 фоизи (5,2 трлн сўм) жисмоний шахслар ва 71 фоизи (12,9 трлн сўм) юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келган.

Марказий банк маълумотларига кўра, муаммоли кредитларнинг ўсиши, асосан транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари улушига тўғри келмоқда.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида банк тизимида юридик шахсларнинг муаммоли кредитлари ҳажми 2,6 баробарга ўсган бўлса, жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсиб, уларнинг жами муаммоли кредитлардаги улуши 17 фоиздан 29 фоизга етди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Халқ банки муаммоли кредитлар салмоғи ошиб кетгани учун тижорий кредитлар беришни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди.