Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеага муносабат билдирди.

Унинг сўзларига кўра, «ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) — жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир».

«Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз. Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазъйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча! Жабрдийданинг ўзини айблаб, терговни „ёпти-ёпти“ қилиб юборилган ҳолатлар қанча! Қанчадан-қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?», — деб ёзиб қолдирди Саида Мирзиёева.

У Ўзбекистонда Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳа яратиш зарур, деб ҳисоблайди.

Саида Мирзиёеванинг фикрича, «айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт».

«Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур. Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқеини суистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди», — дея қўшимча қилди у.

Саида Мирзиёева ушбу ҳолатга эътироб қаратган Nemolchi.uz лойиҳасига ҳам тўхталди.

«Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай ОАВ фаолияти — катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва сексизимга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман», — дея ёзиб қолдирди у.

Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3 курс талабасига тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Қиз қаршилик кўрсатгандан сўнг декан муовини уни деразадан итариб юборади ва қиз тушиб кетади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, декан ўринбосари қўлга олинди.

Олий таълим вазирлиги Педагогика университетида декан ўринбосари ва талаба қиз билан боғлиқ воқеани назоратига олди. Вазирлик ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилишини таъкидлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса жабрланувчи қизнинг саломатлигини ўз назоратига олди.