Президентликка номзод, Экологик партия етакчиси Нарзулла Обломуродов якшанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти сайлови натижалари бўйича изоҳ берди, дея хабар қилди Kun.uz.

«Ўзбекистон экологик партияси биринчи марта президент сайловида иштирок этди. Мен шу иштирокимизнинг ўзини тарихий воқеа ва тарихий ғалаба деб баҳолайман ва мана шу ғалаба билан барчангизни чин юракдан самимий табриклайман», — деди президентликка номзод сайловдан кейинги брифингда.

Нарзулло Обломуродов сайлов миллий қонунчилик ва умумъэтироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида юқори даражада ташкил этилгани, очиқлик ва ошкоралик, барча номзодларга тенг шароитлар яратилган бир муҳитда ўтганини қайд этди.

Экопартия етакчиси овоз бериш жараёнида бирор қонун бузилиши ҳолатлари кузатилмаганини таъкидлади.

«Биз келгусида сайланган Президентнинг барча ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти ва халқимизнинг порлоқ келажаги йўлида бор куч ва ғайратимизни аямасдан меҳнат қилишимизни билдираман», — деди Нарзулло Обломуродов.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев сайловда 80,1 фоиз овоз тўплади. Бошқа номзодлар қуйидаги овозларни тўплашди: ХДПдан номзод Мақсуд Варисова — 6,6%, «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров — 5,5% ва «Адолат» социал -демократик партияси раҳбари Баҳром Абдухалимов — 3,4%.