Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри раҳбарлигига Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов тайинланди. Бу ҳақда театр матбуот хизмати хабар берди.

Рамиз Усмонов 2000 йилда Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри стажёрлик гуруҳига қабул қилинган. 2005 йилдан ҳозирги кунга қадар театрнинг ДАКТ опера труппаси солисти.

2008 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтган «Романсиада — 2008» минтақавий танлови 1-мукофоти ва Россияда ўтказилган «Романсиада — 2008» халқаро танлови 2-мукофотини қўлга киритган. 2010 йилда Озарбайжонда ўтказилган Бул-Бул номли халқаро вокалчилар танловида I мукофот ва «Танловнинг энг яхши тенори» унвонига сазовор бўлган.

2010 йилда юқори даражадаги ютуқлари учун Рамиз Усмоновга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилган. 2015 йилда эса Ўзбекистон халқ артисти унвони берилди.

Театрнинг аввалги раҳбари Маҳмуд Муратов 2017 йилдан буён ушбу лавозимда фаолият юритаётган эди.