Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон банк тизимидаги пул-кредит сиёсати самарадорлигига таъсир кўрсатувчи депозитлар ва кредитларнинг долларлашуви даражаси ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, пандемия даврида мазкур кўрсаткичларда сезиларли ўсиш кузатилиб, 2021 йилда ҳам улар юқори даражада — қарийб ўзгаришсиз сақланиб турибди. 1 октябрь ҳолатига банк тизимидаги депозитларнинг 41,2 фоизи ва кредитларнинг 47,5 фоизи хорижий валюталарда шаклланган.

Ушбу масалани хорижий валютадаги депозитлар бўйича юқори мажбурий захира нормаларини қўллаш, чет эл валютасидаги кредитлар бўйича рискка тортиш меъёрлари каби анъанавий пул-кредит ва макропруденциал чоралар орқали маълум маънода тартибга солишга ҳаракат қилинмоқда, деб айтди Марказий банк раиси.

«Лекин шу билан бирга, нисбатан узоқ йиллар юқори инфляция шароитида яшаганимиз, яқин ўтмишда бўлган валюта айирбошлашдаги чекловлар, банк тизимига бўлган ишончнинг тўла шаклланмаганлиги ҳам жамғармаларни эркин айирбошланадиган валютада сақлашга мойилликнинг секин ўзгаришига сабаб бўлмоқда», — дея таъкидлади Мамаризо Нурмуратов.

Банк тизимида эса узоқ муддатли ресурс базасининг шаклланмаганлиги, охирги 5 йилда кузатилаётган «инвестицион чанқоқлик», иқтисодиётнинг очиқланиши ҳисобига халқаро молия бозорларининг очилиши ҳамда уларда фоиз ставкаларининг нисбатан пастлиги тадбиркорларнинг ҳам чет эл ваютасида кредитлар олишга интилишини кучайтирмоқда, дея қайд этди Марказий банк раҳбари.

Унинг айтишича, халқаро амалиётда йирик валюта инқирозларини бошидан ўтказмаган иқтисодиётларда алмашув курси нисбатан барқарор бўлган даврларда мижозларнинг хорижий валютада кредит олишга бўлган қизиқиши ортиб, валюта рискига бўлган эътибори ёки эҳтиёткорлиги пасайиб боради.

Мамаризо Нурмуратов маърузасида бу тадбиркорлик риски, лекин келажакда шундай рисклар рўй берган пайтида нафақат бизнес субъектларининг молиявий аҳволига, улар орқали тижорат банкларининг молиявий ҳолатига ва охир-оқибат макроиқтисодий ҳамда молиявий барқарорликка салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли мавжудлигини қайд этди.

Шу сабабли, жорий йилнинг август ойида тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотда президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда валюта хатарларини пасайтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди, деди у.

Мамаризо Нурмуратовнинг айтишича, Молия вазирлиги ҳузурида валюта хатарларини бошқариш компанияси ташкил этилиб, бозор механизмлари асосида тижорат банкларининг хорижий валютада олган қарз маблағларини миллий валютага айирбошлайди. Бунинг натижасида тижорат банклари томонидан хорижий ресурслар ҳисобига миллий валютада узоқ муддатли кредитлар бериш имконияти яратилади ва бу, ўз навбатида, иқтисодиётда банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун вужудга келиши мумкин бўлган валюта рискларини олдини олиш имкониятини беради.

«Сентябрь-октябрь ойларида тижорат банклари томонидан валютада 1 млн долларгача қарзи бўлган (умумий қарздорлик — 2,5 млрд. доллар) 15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларига хорижий валютада ажратилган кредитларни миллий валютага ўтказиш бўйича таклифлар юборилди. Таклифларга розилик билдирган 561 та тадбиркорлик субъектларининг 123 млн долларлик кредитлари миллий валютага ўтказилиб, қайта расмийлаштирилди ва бу амалиёт келгусида ҳам давом этади», — деб айтиб ўтди Мамаризо Нурмуратов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани йиллик 14% даражасида қолдиргани хабар қилинганди. Ушбу қарор йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ва келгусида 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш мақсадида қабул қилинган.