Чирчиқ ҳокими (Тошкент вилояти) ҳокими Санжар Юсупов 21 октябрь куни барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси обхъектлари ходимларини коронавирусга қарши эмлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади. Ҳужжат E-Qaror порталида эълон қилинди.

Унга кўра, бир ҳафта давомида тадбиркорлик ва барча турдаги савдо объектлари ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчаларининг (умумий овқатланиш жойлари, гўзаллик салонлари ва бошқа турдаги) ишлаб чиқариш объектларида меҳнат фаолиятини олиб борувчи ходимларни коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш мақсадида мобил бригадалар фаолияти йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Ушбу ишчиларни эмлаш шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги эмлаш пунктларида ҳам амалга оширилади.

Буйруқда Меҳнат кодексининг яқинда янгиланган 113-моддасига асосан савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини тугатиш ҳамда эмлашни асоссиз рад этган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида сўз боради. Қайд этиш жоизки, ушбу моддага кўра, иш берувчи профилактик эмлашни рад этгани учун ходимни ишдан четлаштириши мумкин, аммо ишдан бўшата олмайди.

Республика махсус комиссиясининг 17 июлдаги кенгайтирилган йиғилишида 14 тоифадаги 18 ёшдан катта бўлган аҳоли қатлами оммавий равишда эмланиши шартлигига оид қарор қабул қилинди. Унга асосан, 2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза, 1 октябргача 2-доза, 1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.

«Газета.uz» июлда 1 ноябргача Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилган эди.