Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» ҳаракати Тожикистон билан чегарада мунтазам бўлинмаларни жойлаштиради. Қайд этилишига кўра, ҳаракатнинг 150 нафар жангчилари Тожикистон билан умумий чегарага эга бўлган шимоли-шарқдаги Тахор вилоятида қисқа муддатли ҳарбий тайёргарлик курсларини ўтади. Бу ҳақда ТАСС Bakhtar агентлиги маълумотларига таяниб хабар берди.

Аниқлик киритилишича, тайёргарликдан ўтган «Толибон» жангчилари тожик-афғон чегарасини қўриқлашади ва Тахор аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашади.

«Биз ҳаракат аъзоларидан ва собиқ ҳукумат армияси ҳарбийларидан ташкил топган мунтазам армия тузмоқдамиз ва бошқа давлатнинг бостириб киришига йўл қўймаймиз», — деди «Толибон» бўлинмаларининг Мозори Шариф шаҳридаги (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош Балх вилояти маъмурий маркази) қўмондони Мавлави Атаулла Омарий.

«Ислом Амирлиги (Афғонистон Ислом Амирлиги — толиблар томонидан тузилган ҳукумат номи) махсус кучлари Тахор вилоятидаги қўмондони Мавлави Хузайфа битирув маросимида жангчилар яхши ҳарбий тайёргарликдан ўтганини ва одамлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда чегараларни ҳимоя қилишга тайёрлигини айтди», — деб ёзмоқда «Газета.ru».

Сентябрь ойининг охирида Афғонистонни бошқараётган «Толибон» Тожикистонга таҳдид солган эди. Ундан аввал, Тожикистон ҳукумати қаршилик кўрсатилаётган сўнгги ҳудуд — Панжшер вилояти толиблар томонидан бостирилаётганини қоралаган эди. Улар, шунингдек, «бу мамлакатда зулм ва таъқиблар натижасида тузилган бошқа Афғонистон ҳукуматини» тан олмасликларини билдиришди. Икки давлат чегарасидаги вазият оғирлашаётгани қайд этилган.