Август ойининг ўрталаридан бери Афғонистонни бошқараётган «Толибон» Тожикистонга таҳдид солди. Тожикистон расмийлари бундан олдин толиблар ҳукмронлигини тан олмасликларини эълон қилишган ва Панжшерда бўлаётган воқеаларни қоралашган. «Газета.uz» томонларнинг зиддиятлари ҳақида сўз юритади.

«Толибон» тузган Афғонистоннинг янги ҳукумати ҳалигача халқаро миқёсда эътироф этилмади, бироқ кўп давлатлар ушбу мамлакатда ҳукумат ўзгаришига тан беришди.

Бироқ, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 25 август куни Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашувда Афғонистондаги давлат тизимини ирода ифодаси ва мамлакатнинг барча фуқароларининг позициясини ҳисобга олган ҳолда белгилаш кераклигини айтди.

«Тожикистон бу мамлакатда зулм ва таъқиблар йўли билан тузилган бошқа ҳукуматни тан олмайди, бутун афғон халқининг, айниқса, унинг барча миллий озчиликларининг позициясини ҳисобга олмаган ҳолда», — дея президент сўзларидан иқтибос келтиради унинг матбуот хизмати.

Унинг қўшимча қилишича, тожиклар келажакдаги Афғонистон ҳукуматида муносиб ўрин эгаллаши керак.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон муваққат ҳукумати таркибини эълон қилган эди. Унда ўзбек ва тожик миллатларидан битта вакил бор. Тайинланган вазирларнинг кўпчилиги паштунлар, лекин ҳазоралар йўқ. Янги Афғонистон ҳукуматининг этник таркиби Anadolu АА томонидан батафсилтаҳлил қилган.

Ҳукумат тузилгандан сўнг, Тожикистоннинг Кобулдаги элчихонаси Эмомали Раҳмон томонидан эълон қилинган позиция ўз кучида қолганини маълум қилган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида Афғонистондаги вазият бўйича Тожикистоннинг позициясини тушунтириб, Афғонистон халқига шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатиш, аёллар ва қизларнинг таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, барча этник гуруҳлар вакиллари, айниқса мамлакат аҳолисининг 46 фоизини ташкил этадиган тожиклар иштирокида инклюзив ҳукумат тузиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, Тожикистон ТИВ раҳбари «толиблар нафақат жиноят билан шуғулланадиган, балки тинч аҳолини қийноқ ва азобларга дучор қиладиган» Панжшер вилояти аҳолисининг аҳволига алоҳида эътибор қаратди. Шу муносабат билан у халқаро ташкилотлар ва нуфузли давлатларни «Панжшер ва Афғонистоннинг бошқа ҳудудлари аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун йўллар очишга ёрдам бериб, бу азоб ва қонунбузарликни тезроқ тўхтатишга» чақирди.

Фото: БМТ

БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Тожикистон президенти «БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террористик гуруҳлар рўйхатига киритилган» «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келиши минтақадаги шундоқ ҳам мураккаб бўлган геосиёсий жараённи янада мураккаблаштирганини" таъкидлади.

Эмомали Раҳмон «Толибон» инклюзив ҳукумат тузиш ҳақидаги ваъдасини бажара олмаганидан афсус билдирди.

Фақат афғон жамиятининг барча қатламлари, шу жумладан афғон тожиклари иштирокидаги мулоқот ушбу мамлакатда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига олиб келиши мумкин, дейди у.

«Шу нуқтаи назардан, аҳолининг 46% дан кўпроғини ташкил этадиган Афғонистон тожиклари, ушбу мамлакатнинг бошқа этник гуруҳлари қаторида, давлат бошқарувида муносиб ўрин эгаллаш ҳуқуқига эга», — деб таъкидлади Тожикистон раҳбари.

У, шунингдек, Афғонистон халқининг барча қонунбузарликлари, қотилликлари, талончиликлари ва зулмларини қоралаб, Панжшер вилоятидаги оғир гуманитар вазият ҳақида гапириб, у ерда ҳақиқий гуманитар фалокат юзага келгани ҳақида таъкидлади.

Эмомали Раҳмоннинг сўзларига кўра, Тожикистон Афғонистон ички ишларига аралашмоқчи эмас. У «бу мамлакатда ҳокимият тузилмасини референдум орқали ва мамлакатнинг барча фуқаролари позициясини ҳисобга олган ҳолда аниқлашни» таклиф қилди.

Asia-Plus хабарига кўра, сентябрь ойининг ўрталарида Душанбеда Панжшер қаршилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш митинги бўлиб ўтди. Тожикистон пойтахтида яшовчи афғонлар «Яшасин қаршилик фронти!» ва «Толибонга ўлим» шиорлари остида йиғилишган эди.

ОАВда шунингдек, ушбу фонда Тожикистон жанубидаги минглаб ёшлар мамлакат раҳбариятидан дала қўмондони Аҳмад Шоҳ Массуд ўғли Аҳмад Масуд қўмондонлиги остидаги қаршилик кучларига ёрдам бериш учун Панжшерга боришга рухсат беришни сўрагани ҳақида хабар берилган. Эмомали Раҳмон Аҳмад Масудни «Исмоили Сомоний» I даражали ордени билан тақдирлади, худди Афғонистоннинг собиқ президенти Бурҳониддин Раббонийни тақдирлагани каби.

«Толибон» муносабати ва чегарадаги вазиятнинг кескинлашуви

«Толибон» тожик расмийларининг баёнотларига жавобан, Тожикистон раҳбариятини қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмасликка чақирди.

«Биз Тожикистоннинг ички ишларимизга аралашмаслигини истаймиз. Биз у билан яхши муносабатда бўлишни хоҳлаймиз, лекин бир мамлакатнинг қўшни мамлакат ички ишларига аралашуви ҳеч кимнинг манфаатларига хизмат қила олмайди. […] Ҳар қандай ҳаракатга қарши чоралар кўрилади, — деди толиблар томонидан Афғонистон муваққат ҳукумати раисининг ўринбосари этиб тайинланган Абдул Салам Ҳанафий, Қатарнинг Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида (ТАСС иқтибоси).

Фото: Zabihullah Mujahid / Twitter

«Толибон» ҳукуматидаги маданият ва ахборот вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид 25 сентябрь куни Twitter`даги саҳифасида Тожикистон билан чегарадош Тахор вилоятига «Афғонистон ислом амирлиги Мансури армиясининг ўнлаб махсус ҳарбийларини (ҳарбий қисм номи) содир этилиши мумкин бўлган таҳдидларни қайтариш учун» қайта жойлаштирилгани ҳақида ёзган.

Бу фонда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Афғонистон билан чегарада Дарвоз вилоятида ҳарбий хизматчилар, чегарачилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг парадини қабул қилди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Фото: president.tj

Ҳарбий парад 2000 нафар аскар ва офицер ҳамда 50 та ҳарбий техника иштирокида ўтказилган. Дарвоз вилояти Тоғли Бадахшон автоном вилояти таркибига киради ва Афғонистон билан чегарадош ҳисобланади.