Сенатнинг 20-ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан ахбороти тингланди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Аввало, бу борада президентнинг 2021 йилнинг 9 августдаги фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар алоҳида қайд этилди. Айниқса, «Меҳрибонлик уйлари», болалар шаҳарчаларига президент томонидан Миллий гвардиянинг масъул сифатида бириктирилиши соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар секин-аста ўз ечимини топишига олиб келаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда ҳудудий комиссиялар тўғрисидаги низомлар тасдиқланган. Болаларни уй-жой билан таъминлашнинг «онлайн-навбат» тизими — mu.maktab.uz ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган. 675 нафар бола уй-жой билан таъминланган.

Фарзандликка олиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида «Васийлик» электрон ахборот тизими яратилган. Оилага тарбияга олинган 141 нафар ногиронлиги бўлган болалар тиббий кўрикдан ўтказилган ва 118 нафари даволаш муассассаларига жойлаштирилган.

Сенаторлар бажарилган ишлар билан бирга ижроси ўз вақтида таъминланмаган топшириқларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман-шаҳар ҳокимликларидаги Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ва шўъбалари ҳамон тўлиқ иш бошламагани, уларнинг фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланмагани сенаторлар эътирозига сабаб бўлди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз вақтида қабул қилинмаслиги жойлардаги ислоҳотлар суръати ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Молия вазирлиги ижросини таъминлаши зарур бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидиялар ажратиш вазифаси ҳамон бажарилмаган.

Олий таълим вазирлиги жавобгар бўлган бир қанча топшириқларнинг ижроси ҳам белгиланган муддатларда таъминланмаган. Хусусан, васийлик ва ҳомийлик соҳасида кадрлар тайёрлаш учун мутахассисликлар рўйхатини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторини қайта кўриб чиқиш вазифаси бажарилмаган.

Ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларини ўқитиш билан шуғулланувчи етакчи профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўқув, илмий ва бадиий адабиётларни харид қилиш харажатларини қоплаб бериш тартибини тасдиқлаш бўйича ҳукумат қарорлари қабул қилинмаган.

Йиғилишда қайд этилишича, ҳозирда оилавий болалар уйларини ташкил этиш истагида бўлган юртдошларз сони кундан кунга ортиб боряпти. Лекин мазкур жараёнларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 31 июлдаги «Оилавий болалар уйлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 158-сон қарори билан тасдиқланган Низомни янгилаш зарур.

Давлат раҳбарининг «Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-жтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган айрим вазифалар ижроси ҳам суст олиб бориляпти. Хусусан, туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлари бўлган 2000 нафар болада жарроҳлик амалиётларини ўтказиш ишлари талаб даражасида олиб борилмаяпти.

Муҳокамалар якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда ногиронлиги бўлган ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда парламент ва ҳукумат яқин ҳамкорликда иш олиб боришига келишиб олинди.