Президентнинг 9 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, етим болаларга уй-жой ажратишнинг янги тизими жорий этилмоқда:

  • уй-жойга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим бола учун (25 квадрат метрдан кам бўлмаган) 1 хонали, улар ўртасида тузилган оила учун (50 квадрат метрдан кам бўлмаган) 2 хонали уй-жой ажратилади.
  • Уй-жой етим боланинг хоҳишига кўра, унинг қариндошлари яшайдиган ёки бошқа ҳудудда янги қурилган кўп квартирали уйлардан, ногиронлиги бўлган етим болаларга эса биринчи қаватдан «онлайн навбат» (2022 йил 1 сентябрдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри») асосида ажратилади;
  • етим болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан, бироқ бола 30 ёшга тўлгунича уни сотиш, гаровга қўйиш, ижарага бериш, оила аъзоси бўлмаган шахсларни рўйхатга қўйиш ҳуқуқисиз берилади;
  • 2021 йил 1 декабрга қадар 757 нафар етим болаларга уй-жой ажратиш бўйича мақсадли параметр (охирги 10 йилда ажратилган уй-жойлар сонидан 1,2 баравар кўп) тасдиқланмоқда.

Уй-жойларни харид қилиш учун тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджетлардан жами 120 млрд сўм маблағ ажратилади. 2022 йилдан етим болалар учун уй-жой харид қилиш учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.

Маълумот ўрнида, 2011−2020 йилларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан 610 нафар етим болаларга уй-жой берилган. Бунда, ушбу уй-жойларнинг 147 таси жорий, 15 таси капитал таъмирга муҳтож, 1 таси яшаш учун мутлақо яроқсиз ҳолатда ва 10 таси белгиланган ижтимоий нормаларга тўғри келмайди. Ҳозирда етим болалар учун уй-жой бўш турган ётоқхона ва қаровсиз қолган уй-жойлардан ажратиб келинмоқда.