Сенатнинг 20 ялпи мажлисида автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотларнинг ҳолати ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхановнинг сўзларига қараганда, жавобни муҳокама қилиш жараёнида мазкур сўровда кўтарилмаган бошқа долзарб масалалар ҳам мавжудлиги аниқланган.

Хусусан, автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар етарли даражада молиялаштирилмаяпти. 2021 йилда 6568 кмда қисмида йўл қопламасини таъмирлаш ишлари талаб этилган, ушбу мақсадлар эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 2,9 трлн сўм зарур бўлсада, 781,8 млрд сўм яъни талабнинг бор-йўғи 27 фоизигина маблағ ажратилган.

Шу билан бирга, соҳада коррупция билан боғлиқ қонун бузилишларга тўлиқ барҳам берилмаяпти.

«Маълумотларга қараганда, 2019−2020 йиллар ва жорий йилнинг биринчи ярмида транспорт соҳасидаги корхона ва ташкилотларнинг 375 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган ва уларнинг 358 нафари ёки 95 фоизи коррупциявий жиноятлар содир этган», — деди сенатор. Унинг қўшимча қилишича, мазкур даврда бу каби тоифадаги жиноят ишлари бўйича жами 24 млрд сўмлик бюджет ва бошқа маблағ талон-тарож қилингани аниқланган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурханов.

Унинг таъкидлашича, «автомобиль йўлларига масъул бўлган Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги 149 нафар ходимнинг жиноят содир этгани ташвишли ҳол».

«Холбуки Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан сўнгги икки йилда 2 мингдан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган бўлсада, прокуратура органларига бор йўғи 8 та материал юборилган», — деди Кутбидин Бурханов.

Сенаторлар Ҳукуматнинг ахборотидан қониқмаганлиги сабабли, 5 февралга қадар манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб этган ҳолда ушбу соҳадаги муаммо, камчиликларни қўшимча равишда ўрганиш ва уларни ечими юзасидан аниқ ахборот тайёрлаш вазифаси юклатилди.