Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида 2021 йилги давлат дастурининг учинчи чоракдаги ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботи эшитилди.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев маданий мерос объектларини сақлаш соҳасида қатор камчиликлар мавжудлигини таъкидлади.

«Маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш доирасида барча маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда миллий рўйхатини қайта шакллантириш, маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш ишлари якунига етказилмаган», — деди у.

Сенаторнинг айтишича, сентябрь ойида қўмита томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонуннинг Тошкент шаҳридаги ижроси ўрганилган.

Ўрганишлар натижасида пойтахтдаги миллий рўйхатга киритилган 354 та моддий-маданий мерос объекти орасида айримлари кўрсатилган манзилда йўқлиги, Яккасарой туманида 3 та, Олмазор туманида эса 1 та объект умуман мавжуд эмаслиги аниқланган. Шунингдек, 56 та маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари бўлмаган. 256 та объектга эса муҳофаза белгилари, 200 тасига эса йўл кўрсаткичлари ўрнатилмаган. Маданий мерос объектларига жамоатчилик инпексторлари тўлиқ бириктирилмаганлиги таъкидланди.

«Археологик ёдгорликларни сақлаш ва муҳофаза қилиш ҳолати ҳам қониқарли эмас. Тарихий тепаликларнинг атрофи ҳимоя деворлари билан ўраб олинмаган, тупроқлари маҳаллий аҳоли томонидан ўз шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборилганлиги оқибатида уларнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Айрим ёдгорликларнинг атрофига чиқиндилар ҳам ташлаб кетилмоқда. Афсуски, бундай муаммолар бошқа вилоятларда ҳам мавжуд», — дея таъкидлади Сенат қўмитаси раҳбари.

Сенат раиси Танзила Нарбаева маданий мерос объектларини сақлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш кераклигини таъкидлади.

«Ҳукумат мазкур масалаларни ҳал этишга жиддий эътибор қаратиши зарур. Жумладан, маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатларини шакллантириш ва уларнинг миллий рўйхатини қайта кўриб чиқиш лозим. Айрим йўқ бўлиб кетган маданий мерос объектлари ҳамон муҳофазага олинган объектлар миллий рўйхатида сақланиб турибди, номи бор, ўзи йўқ», — дейди у.

Шунингдек, Сенат раиси тегишли қонунга маданий меросларни сақлашга оид ўзгартиришлар киритиш кераклигини қайд этади.

«Маданий мерос нафақат тарғибот қилинишига, балки давлатимиз томонидан қаттиқ ҳимояга, қўллаб-қувватлашга ҳам муҳтож. Акс ҳолда узоқ йиллар давомида тарихдан шаклланган миллий маданиятимиз, ўзлигимиз ёддан чиқиши, унутилиши ҳам мумкин. Керак бўлса, тегишли қонунларга маданий меросларни сақлашга оид ўзгартиришлар киритиш масаласини ҳам кўриб чиқиш зарур. Давлат вазифаси маданий мерос объектларини сақлашнинг шаффоф ҳуқуқий механизмини яратишдан иборатдир», — дейди Танзила Нарбаева.

Олдинроқ Марғилон шаҳрида 1869 йилда қурилган Хўжа Порсо жоме масжиди бузиб ташланганлиги, унинг биноси ўрнига янги бино қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.