Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 28,2 млрд долларга тенг бўлди, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, учинчи чорак якунларига кўра экспорт ҳажми 10,3 млрд долларни, импорт ҳажми эса 17,9 млрд долларни ташкил этган. Ташқи савдода 7,6 млрд доллар миқдорида пассив баланс кузатилган.

Ташқи савдо айланмасида импорт ҳажми экспорт ҳажмига қараганда йирикроқ ҳажмда ўсиб бормоқда. Жорий йилда экспорт таркибида олтин экспорти ҳажмининг кескин қисқариши ташқи савдо асосий кўрсаткичлари шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатиб, экспорт ва импорт ҳажмлари орасидаги фарқнинг янада йириклашишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 2021 йилнинг иккинчи чорагида олтин экспорти ҳисобига экспорт ҳажми биринчи чорак якунига нисбатан қарийб уч баробарга ўсган. Учинчи чоракда эса экспорт ҳажми ўсиш суръати пасайган. Импорт ҳажми учинчи чоракда январь-июнь натижаларига нисбатан 1,6 баробардан зиёдга ўсган.

Кўрсаткичлар
2021 йил I чорак
2021 йил II чорак
2021 йил III чорак
Ташқи савдо айланмаси
7,1
18,0
28,2
Экспорт
2,4
7,0
10,3
маҳсулотлар
1,9
4,5
8,5
хизматлар
0,5
1,1
1,8
олтин
-
1,4
-
Импорт
4,7
11,0
17,9
маҳсулотлар
4,3
10,3
16,7
хизматлар
0,4
0,7
1,2

2021 йилнинг I-III чоракларида ташқи савдо асосий кўрсаткичлари, млрд долларда. Манба: Статистика қўмитаси

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси таркиби

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-сентябрь ойларида ташқи савдо айланмаси таркиби қуйидагича:

  • Экспорт — 10,3 млрд доллар
    • Саноат маҳсулотлари — 3,1 млрд
    • Хизматлар — 1,8 млрд
    • Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар — 921,3 млн
    • Кимёвий маҳсулотлар — 741,7 млн
    • Минерал ёқилғилар ва мойлаш маҳсулотлари — 636,5 млн
    • Турли тайёр маҳсулотлар — 574,2 млн
    • Машина ва асбоб-ускуналар — 492,4 млн
    • Ноозиқ-овқат маҳсулотлари — 388,1 млн
  • Импорт — 17,9 млрд доллар
    • Машина ва транспорт асбоб-ускуналари — 6 млрд
    • Саноат маҳсулотлари — 3,3 млрд
    • Кимёвий маҳсулотлар — 2,5 млрд
    • Озиқ-овқат маҳсулотлари — 1,7 млрд
    • Хизматлар — 1,2 млрд
    • Турли тайёр маҳсулотлар — 1 млрд
    • Минерал ёқилғилар ва мойлаш маҳсулотлари — 900 млн
    • Ноозиқ-овқат маҳсулотлари — 881 млн.

Мамлакат экспортининг қарийб ярми саноат маҳсулотлари ҳамда хизматлар ҳиссасига тўғри келади.

Импорт таркибининг учдан бир қисмини машина ва транспорт асбоб-ускуналари ташкил этади. Шунингдек, саноат маҳсулотлари ва кимёвий товарлар импорт таркибида сезиларли улушга эга.

Маълумот учун, 2021 йилнинг биринчи ярми якунига республиканинг ташқи савдо айланмаси 18 млрд долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2,1 млрд долларга ёки 13,6% га кўпайганлиги хабар қилинган эди.