2021 йилнинг январь-июнь ойлари якуни билан республиканинг ташқи савдо айланмаси 18 млрд долларни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 2,1 млрд долларга ёки 13,6% га кўпайди, дейилади Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида. Бироқ пандемиягача бўлган давр (2019 йил) кўрсаткичларидан камроқ — 19,6 млрд доллар.


Экспорт ҳажми 7 млрд долларга (12,3% га кўпайди) ва импорт ҳажми 10,9 млрд долларга (14,3% га кўпайди) етди. Ҳисобот даврида — 3,9 млрд доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди.

Шу билан бирга, олтинсиз экспорт ҳажми 36,4 фоизга ошди.

Ўзбекистон жаҳоннинг 171 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (18,2%), Россия (17,0%), Қозоғистон (10,4%), Туркия (8,7%), Корея Республикаси (4,6%), Қирғиз Республикаси (2,4%) ва Aфғонистонда (2,0%) қайд этилган.


Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 10 та ҳамкор давлатлар рўйхатига узоқ йиллардан кейин илк бор Украина ҳам кирди. 2018 йилдан мазкур мамлакат билан савдо айланмаси 206,6 млн доллардан 190,4 млн долларга камайган эди, бироқ 2021 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 279 млн долларга кўтарилди.

Олти мамлакат: Афғонистон (ижобий салдо — 349,1 млн доллар), Қирғизистон (269,9 млн доллар), Тожикистон (164,2 млн доллар), Туркия (133,8 млн доллар), Канада (99,1 млн доллар) ва Эрон (13,1 млн доллар) билан фаол ташқи савдо баланси кузатилмоқда.

Экспорт

Экспорт таркибида товарлар улуши 83,9% ни ташкил этиб, улар саноат товарлари (28,8%), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,4%) ва кимёвий воситалар ва бошқа тоифаларга киритилмаган шунга ўхшаш маҳсулотлар (6,6%) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон май ойида яна олтин экспортини бошлади — экспорт ҳажмининг сезиларли ўсишида бунинг ҳам қисман алоқаси бор. Июнда мамлакат 191,3 млн долларлик олтин сотди.

Экспортда катта улушга эга бўлиб келган газ сотиш ҳажми эса ярим йил давомида 194,9 млн долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 15,4 фоизга кам демакдир.

Рангли метллар соти ҳажми қарийб 2 баробарга ошди — 782,7 млн доллар (99,2 фоизга). Тўқимачилик йигирилган ипи, матолар, тайёр буюмлар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар савдоси 1 млрд доллардан кўпроқни (ўсиш — 76 фоиз), кийим-кечак — 317,5 млн долларни (34,4 фоизга), автомобиллар — 194,5 млн долларни (2,3 баробар) ташкил этди.

716,8 минг тонна ёки 402,7 млн долларлик (камайиш 3,1 фоизга) мева-сабзавот экспорт қилинди.

Хизматлар экспорти ҳажми 1,1 млрд долларни ёки жами экспорт ҳажмининг 16,1% ини ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 12,0% га кўпайди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши транспорт (71,3%), сафарлар (туризм) (14,0%), телекоммуникация, компютер ва ахборот (6,8%) ҳамда бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ хизматлар (3,0%) ҳиссасига тўғри келган.

Шу билан бирга, бошқа хизматлар (4,9%)ни ташкил этиб, таркибида энг юқори улушлар қурилиш хизматлари (1,1%), молиявий хизматлар (1,1%) ҳамда суғурта ва пенсия таъминоти хизматлари (1,1%) ҳиссасига тўғри келди.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (32,8%), саноат товарлари (18,9%) ҳамда кимёвий воситалар ва бошқа тоифаларга киритилмаган шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,8%) ҳисобига тўғри келди.

Машина ва транспорт асбоб-ускуналари импорти 1,4% га ўсиб, 3,59 млрд долларга етди.

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импортини кескин оширди — 1,1 млрд долларгача (46,2%га ўсди). Бунда донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар — 392,8 млн долларгача (35,4%), шакар ва ундан тайёрланган маҳсулотлари ҳамда асал импорти эса 162,8 млн долларгача (39,7%) ошди.

Электр энергияси етказиб бериш ҳажми 68,8 млн долларга (+13,4%), ўсимлик мойлари ёки ёғлари — 174,5 млн долларгача (49,4%), тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари — 624,5 млн долларга (38,8%), чўян ва пўлат — 875,8 млн долларгача (29,9%), тўқимачилик иплари, матолар ва тайёр маҳсулотлар — 179,5 млн долларгача (46,2%) ўсди.