ЎзЛиДеПдан президентликка номзод ва амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Қаршидаги сайловчилар билан учрашувда қишлоқ хўжалигининг механизацияси масаласига тўхталди.

Президентнинг таъкидлашича, келгуси беш йилда 40 фоиз қишлоқ хўжалиги техникалари янгиланиб, механизация даражаси 90 фоизга, жумладан машинада пахта терими 15 фоиздан 60 фоизга етказилиши режалаштирилган. Бунда, пахтани машинада териш харажатининг 30 фоизини бюджетдан қоплаб бериш яна уч йилга узайтирилади.

Бундан ташқари, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан икки йил муддатга озод қилиниши, қишлоқ хўжалиги техникаси хариди учун субсидиялар кўлами ҳам кўпайтирилиши режалаштирилган.


Пахта теримини механизациялаш бўйича янги режалар

2013 йилнинг октябрида ўша пайтда бош вазир лавозимида фаолият юритган Шавкат Мирзиёев 2016 йилга келиб пахта теримининг механизациясини 80−90%га етказиш режалаштирилганини таъкидлаган эди.

2017 йил октябрь ойида собиқ бош вазир ўринбосари ва «Ўзагротехсаноатхолдинг» собиқ раҳбари (ҳозирда тугатилган) Нодир Отажонов 5 йил давомида пахта терими механизацияси 80%га етишини маълум қилган эди. Ўшанда у 2018 йилдан Сирдарё вилоятида пахта теримининг механизациясини 80%га етказиш режалаштирилганини айтган эди.

2019 йилнинг декабрида Нодир Отажонов 2020 йилдан Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида пахтани машинада териш даражаси 50%га, кейинги йилларда 80%га етишини маълум қилган эди.

2020 йилнинг январь ойида қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, биринчи босқичда (2020−2022 йилларда) Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида, иккинчи босқичда (2023−2026 йилларда) қолган ҳудудларда механизация жорий қилинишини тезлаштириш назарда тутилган эди.

Ўтган йилнинг апрелида президент Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат»га пахта теримини механизациялашни тезлаштириш ва 2020 йилнинг сентябригача ҳудудларга 1000 тадан кам бўлмаган миқдорда пахта териш машиналарини етказиб бериш ҳамда ҳудудлар марказларида сервис марказларини ташкиллаштириш бўйича топшириқ берган эди.


ТТЗнинг тракторлари ва пахта териш комбайнлари. Фото: Асқар Ёқубов (ЎзА).

2017 йилнинг октябрида Нодир Отажонов бутун мамлакат бўйича пахта теримини механизациялаш учун камида 14−15 мингта пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш талаб қилинишини таъкидлаган эди. У тракторларни ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилда 1500 дан 3000 гача, 2018 йилда 5000гача, 2019 йилда эса 10 минггача ошишини прогноз қилган эди.

«Газета.uz» Давлат статистика қўмитасининг маълумотларини таҳлил қилиб, режалаштирилган мақсадларга эришилмаганлигини аниқлади, тракторларни ишлаб чиқариш эса деярли тўхтатилган. Жумладан, 2017 йилда Ўзбекистонда 1000 тадан кам трактор ишлаб чиқарилганбўлса, 2018 йилда 3393, 2019 йилда 2022, 2022 йилда 673 та трактор ишлаб чиқарилган. Жорий йилнинг биринчи 6 ойида 173 тагина трактор ишлаб чиқарилган.

Ҳукумат қарорида кўрсатилган маълумотларга кўра, 2020 йилнинг бошида Ўзбекистонда 10270 та пахта териш машиналарига эҳтиёж мавжуд бўлган. Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи 2020 йилда 1000 та, 2021 йилда 1200 та, 2022−2026 йилларда 8070 та машина ишлаб чиқариши керак эди.

Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси таҳририятга тракторлар импорти бўйича маълумотларни ҳам тақдим этди. 2016 йилда мамлакатга қишлоқ хўжалиги ишлари учун 25,5 млнд долларга 799 та трактор олиб кирилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 20,9 млнд долларлик 630 та, 2019 йилда 69,3 млн долларлик 2465 та, 2020 йилда 76,8 млн долларлик 2296 та тракторгача ўсган. 2021 йилнинг январь-июнь ойларида 31,6 млн долларга 1895 та трактор импорт қилинган.

Бундан ташқари, 5 йил ичида ёнида юрадиган ҳайдовчи томонидан бошқариладиган тракторлар (мотоблок, мотокультиватор) импорти ҳам ўсган. 2016 йилда бундай техникадан 2400 долларга 3 тагина олиб кирилган бўлса, 2017 йилда 22 минг долларга 16 та, 2018 йилда 64,4 минг долларга 133 та, 2019 йилда 1,3 млн долларга 7166 та, 2020 йилда 2,2 млн долларга 12630 та шундай машиналар импорт қилинган. Жорий йилнинг биринчи олти ойида 3 млн долларлик 16233 та мотоблок олиб келинган.

Пахта теримини механизациялашнинг аҳамияти

2016 йили Жаҳон банки «Ўзбекистонда пахта теримини механизациялашнинг ижтимоий таъсирини баҳолаш» ҳисоботини эълон қилган эди. Унда Ўзбекистон пахта терими жараёнини механизалаштирмаган ва қўлда пахта теришга таянишда давом этаётган пахта етиштирувчи кам сонли мамлакатлардан бири эканлиги айтилган эди. 2014 йилда ҳукумат пахта теримини механизациялашга қарор қилди — бу қисман халқаро ҳамжамияти босимига жавоб эди, дейилади ҳисоботда.

Давлат буюртмаси тизимида (бу амалиёт 2020 йилдан бошлаб бекор қилина бошланди) Ўзбекистондаги фермерлар кўпинча пахта етиштиришдан бошқа нарса қила олишмасди. Улар шартномага асосан ҳар йили ҳукумат томонидан белгиланадиган квоталарда назарда тутилган ҳажмда пахта етиштиришлари ва пахтани давлат томонидан ўрнатилган нархларда давлатнинг ўзига сотишлари керак эди.

Пахта терими жараёнининг механизациялаштирилиши пахтани териш бўйича ташкиллаштирилган меҳнатга эҳтиёжни камайтириши мумкин, бироқ пахта терими муҳим даромад манбаси бўлган аҳоли қатламлари учун бу салбий таъсир кўрсатиши мумкин, дейилган эди ЖБ ҳисоботида.