Ўзбекистон либерал демократик партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда вилоят аҳолисининг ҳалигача қўлда пахта теришини таъкидлади.

«Қашқадарёда энг ачинарли ҳолатлардан бири бу — вилоят аҳолиси ҳалигача пахтани букилиб, қўл меҳнати билан териб келмоқда» — деди у.

Номзод шу сабабли ўз дастурида келгуси беш йилда 40 фоиз қишлоқ хўжалиги техникалари янгиланиб, механизация даражаси 90 фоизга, жумладан машинада пахта терими 15 фоиздан 60 фоизга етказилиши режалаштирилганини маълум қилди. «Бунда, пахтани машинада териш харажатининг 30 фоизини бюджетдан қоплаб бериш яна уч йилга узайтирилади», — деди амалдаги давлат раҳбари.

Бундан ташқари, юқори ҳосил берадиган навларни четдан олиб келиш ва эркин жойлаштиришга ҳам рухсат берилиши айтилди.

Президентнинг таъкидлашича, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан икки йил муддатга озод қилиниши, қишлоқ хўжалиги техникаси хариди учун субсидиялар кўлами ҳам кўпайтирилиши режалаштирилган.

«Вилоятнинг энг оғриқли нуқталаридан бири — қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор сув билан таъминлаш ҳисобланади. Мисол учун, Қарши магистрал каналидан сув олиб келишга, биргина электр учун йилига 100 миллион долларга яқин маблағ сарфланади. Яъни, 1 гектар пахтани суғоришга 2,5 миллион сўм харажат қилинмоқда. Лекин, сувдан самарасиз фойдаланиш туфайли ушбу маблағларнинг 30 фоизи исроф бўлмоқда», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, келгуси беш йилда 118 минг гектарда инновацион сув тежовчи технологияларни жорий қилиш таклиф қилинди. Шунингдек, 93 минг гектар майдонни лазерли текислаш орқали, йилига 130 миллион куб метр сув иқтисод қилиниши таъкидланди. «Бунинг учун, 25 миллиард сўм субсидия берамиз», — деди ЎзЛиДеП номзоди.

Бундан ташқари, номзоднинг дастурига кўра, 105 млн доллар ҳисобига Қарши насос станциялари каскади реконструкция қилиниб, 400 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти ҳам яхшиланиши режалаштирилгани айтилди.

Маълумот учун, сентябрь ойи бошида пахта терими учун минимал тарифлар эълон қилинган эди. Унга кўра, қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.