Кеча, 5 октябрь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) умумий қиймати 19 млн АҚШ долларига тенг бўлган янги беш йиллик лойиҳасининг бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда USAID ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, USAIDнинг Марказий Осиёда Савдо дастури Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда амалга оширилади. Янги лойиҳа USAIDнинг йиллар мобайнида минтақавий савдо, корхоналарни ривожлантириш ва минтақавий алоқаларни яхшилашда эришилган ютуқларига асосланган.

USAIDнинг Марказий Осиёда Савдо дастури учта асосий стратегик мақсадга эришиш учун давлат ва хусусий секторга техник ёрдам кўрсатиши назарда тутилган. Унга кўра:

  • биринчидан, дастурнинг фаолияти молиявий ва вақт харажатларини камайтириш, шунингдек, минтақада иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида божхона ва чегара назорати тартибини уйғунлаштиришга йўналтирилади;
  • иккинчидан, дастур ривожланишни рағбатлантирувчи ва инвестициялар оқимини таъминлайдиган ислоҳотларни амалга ошириш учун давлат ва хусусий сектор орасидаги шерикликни кучайтиради;
  • учинчидан, манфаатдор томонлар билан Марказий Осиё минтақасида ҳам, ундан ташқарида ҳам трансчегаравий савдо ҳажмини ошириш бўйича ишлар олиб борилади.