Грузия рақамли ларини жорий этиш мақсадида 2022 йилда синов дастурини ишга туширишни режалаштирмоқда

Грузия Миллий банки рақамли ларини муомалага киритиш устида ишламоқда, синов дастури 2022 йилда ишга туширилиши режалаштирилган, деб ёзмоқда Интерфакс Грузия марказий банки вице-президенти Папуна Лежавага таяниб.

«Дунё марказий банкларининг 85 фоизи рақамли валюталар устида ишламоқда, баъзилари тадқиқот босқичида, баъзилари синовдан ўтказмоқда, баъзилари, жумладан Хитой ва Багама ороллари аллақачон жорий этган. Биз ҳам бу тенденциянинг бошида бўлишни хоҳлаймиз», — дейди Лежава. «Рақамли валюта — бу криптовалюта эмас, балки нақд пул эволюциясидир. Бу ҳам катта эҳтимол билан блокчейнга асосланган бўлади, шунингдек, тез ва арзон тўлов усули бўлади. Бироқ, замонавий криптовалюталардан фарқли ўлароқ, бу ерда ҳеч қандай майнинг бўлмайди. Миллий банк рақамли валютанинг ягона эмитенти бўлади», — дея қўшимча қилди у.

Унга кўра, рақамли лари баъзи хизматларда криптовалюталар билан рақобатлаша олади, лекин спекулятив тўпланиш характерига эга бўлмайди. Дастлабки босқичда чакана савдо учун рақамли лари жорий этиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг апрель ойида Япония банки (марказий банк) ўзининг рақамли валютасини чиқариш имкониятларини синаб кўриш бўйича экспериментнинг биринчи босқичини бошлаганди.


Цукерберг Facebook’нинг болаларга зарар етказаётгани ҳақидаги гапларни инкор этди

Facebook бош директори Марк Цукерберг маҳсулотлар бўйича собиқ менежер Фрэнсис Хаугеннинг ижтимоий тармоқ болаларга зарар етказаётгани ҳақидаги айбловларини рад этди. «Биз хавфсизлик, фаровонлик ва руҳий саломатлик каби масалаларга жиддий эътибор қаратамиз», — дейди Цукерберг Facebook’даги саҳифасида. Унинг сўзларига кўра, Хаугеннинг даъволари асоссиз.

«Aгар биз тадқиқотларни эътиборсиз қолдиришни истаган бўлганимизда, унда нега биз бу муҳим саволларни ҳал қилиш учун саноатнинг етакчи тадқиқот дастурини яратдик? Aгар биз зарарли контент билан курашиш ҳақида қайғурмаётган бўлсак, унда нега биз ўз маконимиздаги бошқа компанияларга қараганда кўпроқ одамларни ишга олдик?» — деб ёзади у. Цукерберг «бу айбловлар замирида биз хавфсизлик ва фаровонликдан кўра даромадни биринчи ўринга қўямиз, деган фикр ётади. Бу шунчаки ҳақиқат эмас», деб қўшимча қилади.

Aввалроқ, Хауген AҚШ Сенатидаги тингловда, Facebook нафрат сўзлари, нотўғри маълумотлар ва вояга етмаганлар учун ноўрин рекламаларга қарши курашда сунъий интеллектга жуда ишонишини айтган эди. Унинг фикрича, Facebook маҳсулотлари болалар учун зарарли, компания эса фойдани фойдаланувчилар хавфсизлигидан устун қўяди.


Aвстриянинг ҳукмрон партия идораларида тинтувлар ўтказилди

Aвстрия канцлери Себастьян Курц бошчилигидаги ҳукмрон Халқ партияси идоралари прокурорлар томонидан тинтув қилинди. Партия бош котиби ўринбосари Габи Шварц прокуратура тинтув ўтказганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, «айбловлар беш йил олдин содир бўлган воқеалар билан боғлиқ» ва рейдларнинг ўзи «намойишкорона» тарзда ўтказилган. У партияда айнан ким тергов қилинаётганига аниқлик киритмади.

Die Presse газетасининг ёзишича, рейдлар девонхонада ҳам ўтказилган ва улар Курцнинг партиядошларига тегишли бўлган. Таъкидланишича, тинтувлар «Oesterreich» газетасида сўровлар ва рекламаларни эълон қилишда коррупция содир этилганлиги ҳақидаги иддаолар билан боғлиқ.

12 май куни Aвстрия Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш прокуратураси Курц ва унинг штаб бошлиғи Бернхард Бонелли устидан 2019 йил «Ибица Гейт» ички сиёсий можаросига ойдинлик киритиш ва парламентнинг кузатув кенгаши аъзоларини тайинлаш бўйича парламент қўмитаси тингловида сохта кўрсатмалар берилгани бўйича тергов бошлаган эди.


Хитой 2025 йилга келиб Тайванни босиб олишга тўлиқ тайёр бўлади — Тайвань расмийлари

Хитой Халқ озодлик армияси (ХХОА) 2025 йилга келиб Тайванга кенг миқёсли бостириб киришга тўлиқ тайёр бўлади, дея таъкидламоқда орол мудофаа бўлими бошлиғи Цю Гочжэн.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Тайвань бўғозининг икки қирғоғи ўртасидаги муносабатлар 40 йил ичида энг кескин даражага етган. «Хитой Коммунистик партияси аллақачон Тайванга бостириб кириш учун етарли кучларга эга, бироқ бунинг учун тўлаш керак бўлади. 2025 йилга келиб тўлаш нархи паст бўлади ва бунинг учун мўлжалланган кучлар тўлиқ тайёр бўлади», — дейди Гочжэн.

Хабарга кўра, 2025 йилга келиб, 075 лойиҳасининг универсал десантчи ҳужум кемалари флотга қўшилиши туфайли кучлар баланси ХХОА фойдасига янада ўзгаради. Ҳозирги вақтда бундай кемалардан бири — Хайнан, ХХОА жанубий флоти таркибида ўз вазифасини бажармоқда, иккинчиси денгиз синовларидан ўтмоқда, учинчиси эса қурилиш босқичида. — ТАСС.

Тайвань 1949 йилдан буён ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келгунга қадар материкда мавжуд бўлган Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолмоқда. Пекин оролни ХХР провинцияларидан бири деб ҳисоблайди.


Шунингдек:

  • Бенжамин Лист ва Дэвид Макмиллан молекулаларнинг янги ҳамда аниқ тузилишини — органокатализни кашф қилгани учун кимё бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланди.
  • Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров бир куннинг ўзида мессенжер фойдаланувчилари сони 70 млнга кўпайганини маълум қилди. У Шимолий ва Жанубий Америкадаги фойдаланувчилар оммавий равишда Telegram`га ўта бошлашганини таъкидлади. «Бошқалар сизга панд бераётган бир вақтда биз сизни уялтириб қўймаймиз», — дейди Дуров.