Бенжамин Лист ва Дэвид Макмиллан янги катализаторларни кашф қилгани учун кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди, дея хабар бермоқда Коммерсантъ нашри.

Қайд этилишича, ушбу кашфиёт фармацевтиканинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган ва кимёни «яшилроқ» қилишга, яъни унинг табиатга таъсирини камайтиришга олиб келган.

Кўп йиллар давомида тадқиқотчилар фақат иккита турдаги катализаторлар борлигини исботлашган: металлар ва ферментлар. 2000 йилда доктор Лист ва доктор Макмиллан бир-биридан мустақил равишда катализаторларнинг учинчи турини ишлаб чиқди. Бу ассиметрик органокатализ деб аталади ва кичик органик молекулаларга асосланади. Бу ассиметрик молекулаларни янада енглироқ синтез қилишга ёрдам берди.

Олимлар учун мукофот пули тахминан 1,1 млн долларни ташкил қилди.

Дэвид Макмиллан — шотландиялик кимёгар ва Принстон университети профессори ҳисобланади. У 2010 йилдан 2015 йилгача ушбу университетда кимё кафедрасини ҳам бошқарган.

Бенжамин Лист — немис кимёгари бўлиб, Франкфуртда туғилган ва ҳозирда Германиядаги Макс Планк номидаги кўмир тадқиқот институти директори лавозимида фаолият юритади.

2020 йилда кимё бўйича Нобель мукофоти геномларни таҳрирлаш услубини яратгани учун Женнифер Дудна ва Эмануэль Шарпеньтьега берилган эди.