Иордания қиролининг ўгай укаси давлат тўнтаришини уюштиришда айбланмоқда

Иордания шаҳзодаси, мамлакат қиролининг ўгай укаси Ҳамза ибн Ҳусайн хорижий давлатлар билан фитна уюштириб, мамлакатда вазиятни беқарорлаштиришни режалаштирган, дея маълум қилди Иордания ташқи ишлар вазири Aйман Сафади. 4 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир давлатдаги вазиятга тўхталиб, давлат тўнтаришини режалаштирган 20 га яқин кишининг ҳибсга олинганлигини тасдиқлади. У шаҳзода билан «фитна уюштирган давлатлар» номини айтмади.

Иордания қиролининг ўгай укаси, собиқ валиаҳд шаҳзода Ҳамза ибн Ҳусайннинг айтишича, ҳозирда у уй қамоғида. Шаҳзода, шунингдек, расмийларни коррупцияда ва лаёқатсизликда айбламоқда. «Иордания Қуролли кучлари штаби бошлиғи олдимга келиб, уйимдан чиқмаслигим, одамлар билан алоқада бўлмаслигим, ҳеч ким билан учрашмаслигим кераклигини айтди», — деди шаҳзода. Унга кўра, у ўтказган бир қатор учрашувлар ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар расмийларга ёқмаган, чунки у ерда шаҳзода мамлакат раҳбариятини, шу жумладан Иордания қироли Aбдулла IIни танқид қилган. Ҳамза ибн Ҳусайн ҳарбийларга бўйсунишдан бош тортмоқда.

Иорданиядаги ҳарбийлар бундан олдин шаҳзодани уй қамоғида ушлаб туриш тўғрисидаги хабарларни рад этишган, аммо қиролнинг ўгай укасига мамлакат «хавфсизлиги ва барқарорлигига» зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатларни тўхтатиш буйруғи берилганлигини тушунтиришган. 3 апрель куни давлат хавфсизлигини таъминлаш операцияси доирасида бир неча киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ҳибсга олинганлар орасида, BBC таъкидлаганидек, қирол оиласининг яна бир аъзоси, шунингдек, собиқ молия вазири ҳам бор. Бир қатор араб давлатлари ҳам Иордания расмийларини қўллаб-қувватлашларини билдиришди. — Газета.uz


Мьянмадаги тўқнашувларда вафот этганлар сони 564 кишига етди

Мьянмада намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ходимлари ўртасидаги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 1 февралдан бери 564 кишига етди. Бу ҳақда 4 апрель куни Мьянмадаги сиёсий маҳбусларга ёрдам бериш уюшмаси (AAPPB) хабар қилган. «4 апрель ҳолатига кўра давлат тўнтариши натижасида 564 киши ҳалок бўлди», дейилади хабарда. Уюшма маълумотларига кўра, 2667 киши ҳибсда, 38 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қўшимча 425 намойишчига қарши ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилди. 3 апрель куни The Irrawaddy нашри Save the Children жамғармасига асосланиб, мамлакатда камида 43 нафар вояга етмаганларнинг вафот этгани ҳақида хабар берди. — AAPPB.

1 февраль куни Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олиб, бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилишди.


Франция вазирлари яширинча ҳашаматли кечки овқатларда қатнашганликда гумон қилинмоқда

Париж прокуратураси баъзи вазирларнинг ресторанларда яширинча кечки овқатларни ўтказгани ҳақидаги хабарларни текширишни бошлади. Париж полиция префектураси, ўз навбатида, терговнинг мақсади «амалдаги санитария-эпидемиология чекловларига зид бўлган барча махфий ўтиришлар ташкилотчилари ва иштирокчиларини аниқлаш» эканлигини кўрсатди. Суриштирув М6 телеканали «бир қатор вазирлар» Париждаги ҳашаматли ресторанларга яширинча ташриф буюрганликлари ҳақидаги хабарларни берганидан кейин бошланди. Europe 1 радиостанцияси маълумотларига кўра, бундай ресторанларда бир киши учун кечки овқат нархи 160 дан 490 еврогача етиши мумкин. Шундан сўнг, Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманен ижтимой тармоқларда «тасдиқланган тақдирда, ушбу махфий кечки овқатларнинг ташкилотчилари ва иштирокчиларини судга бериш учун тақдим этилган фактларнинг тўғрилигини текшириш учун Париж полиция префектурасига мурожаат қилганини» ёзди. Коронавирус тарқалишига қарши курашиш чоралари доирасида Франциядаги ресторанлар октябрь ойидан бери ёпиқ. — Интерфакс.


Японияликлар бош вазир истеъфосини ёқламоқда

Япония аҳолисининг деярли 60 фоизи мамлакат бош вазири Ёсихидэ Суганинг зудлик билан ёки сентябрь ойида, унинг ҳукмрон Либерал-Демократик Партия (ЛДП) раҳбари сифатида муддати тугаши билан истеъфога чиқишини ёқламоқда. Буни 5 апрель куни Yomiuri нашри 2−4 апрель кунлари мамлакат бўйлаб ўтказган сўровнома жавоблари асосида маълумот берди. Унда 18 ёшдан 75 ёшгача бўлган мингдан ортиқ японияликлар қатнашди, сўров компьютердан тасодифий танлаб олиш орқали ўтказилди. Респондентларнинг 12 фоизи бош вазирнинг зудлик билан истеъфога чиқишини ёқламоқда. 47 фоизи у сентябрь ойида ҳукмрон партиянинг етакчиси сифатида муддати тугагандан сўнг лавозимини тарк этиши керак деб ҳисоблайди. Ёсихидэ Суга ўтган йилнинг сентябрь ойида Синдзо Aбенинг соғлиғи сабабли истеъфога чиққандан сўнг бош вазир лавозимини эгаллаган эди. Ҳозиргача Суга ҳукумат раҳбари сифатида фақат сентябрь ойигача, ҳукмрон партия етакчисига навбатдаги режалаштирилган сайловлар тугагунига қадар ишлайди. Aмалдаги бош вазир сайловларни ютиб олиш учун катта имкониятга эга, аммо, Yomiuri`нинг ёзишича, унинг мавқеи ютуқлари етишмаслигидан аҳоли норозилигининг кучайиши туфайли заифлашмоқда. — ТАСС (Yomiuri).


Владимир Путин унга яна президентлик сайловларида қатнашишга рухсат берувчи қонунга имзо чекди

Россия президенти Владимир Путин ўзига давлат раҳбари лавозимига қайтадан номзодини қўйиш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолади. Қонуннинг бир қатор бандлари конституцияга киритилган ўзгартишлар ижросидан келиб чиқиб тайёрланган. Асосий қонунга киритилган ўзгартишлардан бирига мувофиқ, президентлик муддатлари сонини чекловчи бандлар бекор бўлди.

Ҳужжатга кўра, мамлакатда энг камида 25 йил доимий яшаган, 35 ёшдан кичик бўлмаган, шунингдек, муқаддам бошқа бир давлат фуқаролигига ёки яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган РФ фуқароси давлат раҳбари этиб сайланиши мумкин. — Газета.uz


Туркия ҳукумати Монтрё конвенциясини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлаган собиқ адмиралларни ҳибсга олди

Истеъфодаги 104 адмирал Истанбул канали қурилиши муносабати билан Босфор ва Дарданел бўғозлари мақомига оид Монтрё конвенциясини қайта кўриб чиқиш хавфи ҳақида огоҳлантиргандан сўнг, Туркия ҳукумати 10 нафар собиқ ҳарбийни ҳибсга олди. Уларнинг мактуби демократик йўл билан сайланган ҳукумат ишига аралашишга уриниш сифатида баҳоланди. Пойтахт прокуратураси далилларнинг йўқ қилинишига йўл қўймаслик ва воқеага алоқадор бошқа гумон қилинувчиларни аниқлаш учун истеъфодаги 10 адмирал ҳибсга олинганлигини маълум қилди. Яна тўрт нафар гумонланувчи ёши катталигини ҳисобга олиб ҳибсга олинмаган. Ҳибсга олинганлар орасида Туркиянинг янги «Мовий Ватан» денгиз доктринаси асосчиларидан бири Жем Гурдениз ҳам бор. Ушбу доктринага кўра, Туркия катта денгиз ҳудудларига, шу жумладан баъзи юнон ороллари сувларига бўлган ҳуқуқларга эга. 1936 йилдаги Монтрё конвенцияси Туркиянинг Босфор ва Дарданел бўғозлари устидан ҳукмронлигини тиклади. Тинчлик даврида ҳам, уруш даврида ҳам ҳар қандай мамлакатнинг савдо кемалари ушбу бўғозлардан эркин ўтиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Бундан ташқари, тинчлик даврида бу конвенция Қора денгиз давлатларига тегишли ҳар қандай синфдаги ҳарбий кемаларнинг бўғозлар орқали эркин ўтишига имкон беради. Қора денгизга кирмайдиган давлатларнинг ҳарбий кемалари учун Қора денгизда тури, оғирлиги ва вақти учун чекловлар мавжуд.

Биринчи марта Эрдоған 2011 йилда Истанбул каналини қуриш ғоясини илгари сурган эди. Ўшанда у Босфорда юк ташиш қисқариши ёки умуман тўхтатилиши мумкинлигини айтди, бу эса Монтрё конвенциясига зиддир. Лойиҳани 2023 йилгача якунлаш режалаштирилган. — Daily Sabah.


Япония банки рақамли валюта чиқаришни режалаштирмоқда

Япония банки (марказий банк) ўзининг рақамли валютасини чиқариш имкониятларини синаб кўриш бўйича экспериментнинг биринчи босқичини бошлади. Таъкидланишича, келгуси йилнинг март ойигача давом этадиган биринчи босқичда янги тизим учун синов муҳити ишлаб чиқилади. Шунингдек, рақамли валютанинг асосий функциялари, шу жумладан эмиссия ва сотиб олиш билан тажриба ўтказиш режалаштирилган. Маълумот учун, Хитой ўтган йили рақамли юань чиқариш бўйича синовларни ўтказишни бошлади. Европа Марказий банки (ЕМБ) рақамли еврони ушбу ўн йилликнинг ўрталарида чиқаришни режалаштирмоқда. — Япония банки.


LG Electronics смартфонлар ишлаб чиқаришни тўхтатади

Жанубий Кореянинг LG компанияси электромобиллар, ақлли уйлар, роботлар, сунъий интеллект эҳтиёт қисмларига кўпроқ эътибор қаратиш мақсадида смартфонлар ишлаб чиқаришни тўхтатаётганини эълон қилди. Мобил бўлинма 31 июлга қадар бутунлай ёпилиши айтилмоқда. LG’нинг чиқарилган телефонлари бозорда мавжуд бўлиб қолади ва компания бир мунча вақт хизматни қўллаб-қувватлайди ва дастурий таъминотни янгилайди. The Korea Times январь ойида компания мобил бўлинмасини ёпишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотларига кўра, 2015 йилдан бери компания 4,5 млрд доллар зарар кўрган. — Газета.uz