Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Facebook, Instagram ва WhatsApp тармоқларининг глобал ўчирилиши пайтида янги рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сонининг рекорд даражада ўсиши ҳақида пост ёзди.

«Telegram`да кунлик ўсиш ва фаоллик бўйича рекорд қайд этилди. Бир кунда бошқа тармоқлардан 70 млн дан ортиқ фойдаланувчилар Telegram`га ўтишди. Жамоамиз бундай катта техник босимга дош бера олгани билан фахрланаман», — деб ёзади Дуров.

Унинг қўшимча қилишича, Шимолий ва Жанубий Америкадаги фойдаланувчилар Telegram одатдагидан секинроқ ишлагани сабаб бироз ноқулайлик ҳис қилган бўлишлари мумкин.

«Чунки бу ҳудудларда одамлар оммавий равишда Telegram`га ўта бошлашди. Telegram`нинг узоқ йиллик фойдаланувчиларига янги қўшилган дўстларига мессенжернинг барча қулайликларини ўргатишларини сўраган бўлардим. Ишонаман, улар биз билан қолади ва нега Telegram рақобатчиларини ортда қолдираётганини билиб олишади», — деб ёзади Павел Дуров.

«Telegram`га янги ташриф буюрганларга дунёдаги энг йирик мустақил хабар алмашиш платформасига хуш келибсиз деб қоламан. Бошқалар сизга панд бераётган бир вақтда биз сизни уялтириб қўймаймиз», — дея постини якунлаган Telegram асосчиси.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Facebook, Instagram ва WhatsApp узилишларга дуч келишди. Тахминан олти соат давомида бу хизматлар бутун дунё бўйлаб мавжуд бўлмаган. Ҳозирда уларнинг фаолияти тўлиқ тикланди.