Қирғизистон миллий энергетика холдинги номаиший истеъмолчиларга куз-қиш мавсумида кўча чироқлари ва реклама ёритгичларини ёқишни тақиқлади, деб хабар берди 24.kg компания матбуот хизматига таяниб. Тақиқ кафе, ресторан, ҳаммом, сауна, дўконлар ва истироҳат боғларига тегишли.

Нашрнинг ёзишича, бу қарор Токтогул сув омборидаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энергияни тежаш мақсадида қабул қилинган.

«Битта лампочка ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин. Аммо бутун мамлакат бўйлаб улар сони миллионлабни ташкил этади. Якунда яхшигина маблағ келиб чиқади. Бизда эса ҳовлимизда биттадан чироқ ёнаётгани йўқ. Қаранг, кечки вақтларда кафе атрофида 100 талаб лампочка ёнади. Улар ёруғлик диодли чироқлар бўлган тақдирда ҳам. Улар барибир 7−8 ватт олади. Қанча бўлади? Тома-тома кўл бўлур», — дея Миллий энергохолдинг раиси Талайбек Байгазиевдан иқтибос келтиради нашр.

Барча тақсимловчи компанияларга мамлакатнинг бутун туманларида кечқурун ва эрталабки вақтларда рейдлар ўтказиш зарурлиги тўғрисида хабар юборилган. Улар ёритиш ускуналарининг ўчирилганини назорат қилишлари керак, дея аниқлик киритди 24.kg.

Қирғизистон минтақада сув етишмаслиги ортидан энергетик инқирозга тўқнаш келмоқда. «Электр тармоқлари» маълумотларига кўра, 1 октябрь ҳолатида Токтогул сув омборидаги сув ҳажми 12,3 миллиард куб метрни ташкил этмоқда, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 2,9 миллиард кубометрга кам демакдир. Токтогул ГЭСи мамлакатда электр энергиясининг асосий манбаи бўлиб, умумий электр ҳажмининг 33 фоиздан кўпроғини ишлаб чиқаради.

2021 йилнинг баҳорида Қирғизистон инқирозни енгиб ўтиш учун Ўзбекистон ва Қозоғистон билан 2022 йилнинг баҳорига қадар 1650 млн кВт⋅с гача миқдорда электр энергиясини етказиб беришга келишган эди. Мамлакат 2023 йил ёз ойларига қадар шунча миқдордаги электр энергиясини қайтириши керак.