Ўзбекистонда бачадон бўйни саратонини текшириш ва одам папиллома вирусини (HPV) даволаш дастурига асосланган янги инновацион миллий скрининг тизими жорий этилмоқда. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бачадон бўйни саратонини йўқ қилиш бўйича глобал ташаббуси доирасида амалга оширилади, деб хабар берди ЖССТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси «Газета.uz» га.

Пилот дастури мамлакатнинг икки вилоятини қамраб олади ва одам папиллома вируси тестини бирламчи скрининги учун ва HPV-мусбат натижасига эга аёллар учун икки хил стратегиядан фойдаланади. Дастур ЖССТ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ва Саратонни тадқиқ қилиш халқаро агентлиги томонидан Франция элчихонасининг қисман кўмагида ишлаб чиқилган.

Бачадон бўйни саратонининг 90% HPV инфекциясидан бошланади, дейилади ЖССТ хабарида. Ушбу инфекцияни эрта аниқлаш ва даволашни йўлга қўйиш билан даволаса бўлади. Мунтазам скрининг, эрта ташхис қўйиш ва ўз вақтида даволаш бачадон бўйни саратони билан оғриган беморларни даволай олади. Ушбу учта ёндашувни муваффақиятли амалга ошириш 2050 йилга келиб, янги ҳолатларни 40% га камайтириши ва дунё бўйлаб 5 миллионга яқин ўлимнинг олдини олиши мумкин.

«Бачадон бўйни саратони йўқ қилинган биринчи саратон бўлиши мумкин. Аёлларни мунтазам скрининг қилиш ва қизларни одам папиллома вирусига қарши эмлаш орқали биз бачадон бўйни саратони билан касалланишни камайтира оламиз», — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили доктор Леанне Куппенс.

Бачадон бўйни саратони билан касалланиш ва у билан боғлиқ ўлим аёллар саломатлигига жиддий таҳдид солади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таъкидлашича, Ўзбекистондаги аёллар орасида саратоннинг бу тури тарқалиши бўйича иккинчи ўринда туриши ва у сабабли келиб чиқадиган ўлим ҳолатлари бўйича учинчи ўриндалигига қарамай, у ҳақидаги хабардорлик даражаси пастлигича қолмоқда, айниқса, қишлоқ аёллари орасида.

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю таъкидлашича, ихтиёрий иштирок, таклиф этилаётган хизматлар сифати ва даволаниш имкониятлари лойиҳани амалга оширишнинг учта муҳим элементи ҳисобланади. Унинг қайд этишига кўра, «кенг скрининг кўпгина беморларни аниқлашга ёрдам беради, бу эса саратон касаллигини даволаш хизматларига бўлган талабни оширади».

Пилот дастури Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 6000, Қорақалпоғистонда 50 минг нафар аёлни қамраб олади ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида бачадон бўйни саратони учун бирламчи скринингнинг миллий стратегияси ва дастурини ишлаб чиқишга ўз ҳиссасини қўшиши керак. Дастурнинг мақсади — саратондан олдинги ҳолатларни тўғри даволашни таъминлаш, бачадон бўйни инвазив саратони билан оғриган аёлларни мутахассис шифокорларга юбориш, ушбу касаллик бўйича скрининг маълумотларининг электрон реестрини ишлаб чиқишни бошлаш ва сифатни назорат қилиш ҳамда баҳолаш тизимини жорий этиш хисобланади.

2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда миллий эмлаш дастури доирасида 9 ёшли қизлардан иборат когорт гуруҳи одам папиллома вирусига қарши эмланди. Жорий йилнинг ноябрь ойида дастурга HPV вакцинасини оладиган 12−13 ёшли қизларнинг қўшимча когортаси киритилади.

«Газета.uz» одам папиллома вируси нима ва вакцина ҳақида билиш керак бўлган батафсил материални эълон қилган.