24 сентябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов турли даражадаги мансабдор шахслар томонидан ўтган йил ва 2021 йилнинг биринчи ярмида содир этилган коррупция жиноятлари статистикасини эълон қилди.

2020 йилда жами 1723 та, шундан 9 нафар республика даражасидаги, 45 нафар вилоят даражасидаги, 1669 та туман ва шаҳар даражасидаги мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган ва коррупция оқибатида етказилган 500 млрд сўмлик моддий зарарнинг 71% ёки 355 млрд сўми айбдорлардан тергов давомида ундирилган.

Агентлик раҳбарининг маълум қилишича, ўтган йилда аниқланган коррупцион жиноятлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 835 нафар шахс (48,5%) ЖКнинг 167-моддасида (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) кўрсатилган жиноятларни содир этган шахслар ташкил қилган. Шунингдек, ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан 227 нафар шахс, 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) билан 207 нафар шахс, 210-моддаси (пора олиш) билан 105 нафар шахс, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан 58 нафар шахс, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан 31 нафар шахс, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан 25 нафар шахс, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан 16 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

2020 йил давомида мансабдор шахслар фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўтказилган таҳлил давомида мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган ташкилот Халқ таълими вазирлиги бўлди — 249 нафар. Шунингдек:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги — 166 киши;
  • банк сектори — 78;
  • Мактабгача таълим вазирлиги — 70;
  • Госкомгеодезкадастр — 53;
  • олий ва ўрта махсус таълим, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари — 31 тадан;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, ҳокимликлар — 18 нафардан;
  • Давлат солиқ қўмитаси — 13;
  • Мудофаа вазирлиги — 7;
  • Қурилиш вазирлиги, адлия органлари — 3 нафардан;
  • Адлия вазирлиги — 2;
  • бошқа соҳаларда — 947 киши жиноий жавобгарликка тортилган.

Акмал Бурхоновнинг маълум қилишича, 2020 йил давомида жиноий жавобгарликка тортилган шахслар фаолият юритган ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, 245 та Тошкент вилояти, 173 та Самарқанд вилояти, 170 та Жиззах вилояти, 130 та Сурхондарё вилояти, 152 та Фарғона вилояти, 109 та Наманган вилояти, 100 та Андижон вилояти, 95 та Қашқадарё вилояти, 85 та Сирдарё вилояти, 79 та Хоразм вилояти, 78 та Тошкент шаҳри, 78 та Қорақалпоғистон Республикаси, 51 та Навоий вилоят, 19 та Бухоро вилоятида мансабдорлик жиноятлари қайд этилган.

2021 йилнинг 6 ойи мобайнида эса 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.

2021 йилнинг 6 ойи давомида аниқланган коррупцион жиноятлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 1297 нафар шахс (51%) ЖКнинг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахслар ташкил қилган. Шунингдек, ЖКнинг 168-моддаси билан 420 нафар шахс, 210-моддаси билан 80 нафар шахс, 205-моддаси билан 58 нафар шахс, 206-моддаси билан 4 нафар шахс, 209-моддаси билан 18 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

2021 йил 6 ойи давомида мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган давлат органлари ва ташкилотлари:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги — 107 та;
  • Халқ таълими вазирлиги — 74 та;
  • давлат улуши бўлган давлат ташкилотлари — 69 та;
  • банклар — 66 та;
  • Мактабгача таълим вазирлиги — 64 та;
  • Транспорт вазирлиги — 55 та;
  • Энергетика вазирлиги — 32 та;
  • Сув хўжалиги ва меҳнат вазирликлари — 26 тадан;
  • Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги — 24 та;
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги — 23 та;
  • Маданият вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси — 15 тадан;
  • Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги -14 та;
  • Қишлоқ хўжалик вазирлиги — 13 та;
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги — 10 та;
  • ҳоким ўринбосарлари ваМолия вазирлиги — 9 тадан;
  • Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси — 5 та;
  • Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси — 4 та.

Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 млрд сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланиб, шундан 170,8 млрд сўми ёки (28%) ундирилиб, 421,7 млрд сўм Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилиши белгиланган.

Акмал Бурхоновнинг қўшимча қилишича, агентлик томонидан Ўзбекистон миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи ҳамда 2020 йил — 2021 йилнинг 1-ярмида очиқ суд жараёнларида кўриб чиқилган 55 та жиноят ишлари ўрганиб чиқилди. Жиноят ишларини саралашда коррупцион ҳолатларнинг ОАВда ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганлик, юқори рутбадаги мансабдорлар томонидан содир этилганлик ва зарар миқдори 1 млн АҚШ долларидан ошиқ бўлганлик каби мезонлар белгилаб олинди. Бундай жиноят ишларининг 15 таси фирибгарлик, 18 таси ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш, 2 таси порахўрлик, 20 таси бошқарув тартибига қарши қаратилган жиноятларни ташкил қилади. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори «Сардоба сув омбори» қурилиши жараёнидаги талон-тарожлик ва суиистеъмолчиликлар юзасидан ўтказилган суд жараёнини мисол қилиб келтирди.