«Мароқанд нефть базаси» ва унинг филиалларида жиддий молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди, дея хабар қилди «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати.

Компания маълумотларига кўра, жамият ва унинг филиалларига «Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан вақтинчалик масъул сақлашга топширилган жами 23,3 млрд сўмлик 3219 тонна автобензин маҳсулотлари белгиланган тартибда биржа савдолари орқали сотиб олинмасдан, истеъмолчиларга юклаб жўнатиб юборилган.

Бунинг натижасида юзага келган нарх тафовутлари орқали жамиятга жами 2,66 млрд сўмлик зарар етказилган. Шунингдек, товар-моддий қийматликлар, асосий воситалар ва нефть маҳсулотларидан жами 844,5 млн сўм миқдорида камомадлар аниқланди.

Таъкидланишича, айрим масъуллар томонидан нефть маҳсулотларининг ҳисобини юритиш учун мўлжалланган ёқилғи сиғимларининг калибровка жадваллари атайин ўзгартирилиб, камомадлар яшириб келинган.

Жумладан, Булунғур филиалининг масъуллари томонидан 2020 йил 15 августдан 2021 йил 31 июлгача бўлган даврдаги 2000 куб метр сиғимда сақланиб келаётган Аи-80 К2-Л автобензин маҳсулоти ўлчаш жараёнларида маҳсулотнинг маълум баландлиги (см) бўйича ҳажм (литр) қолдиқлари нотўғри кўрсатиб келингани натижасида, ҳисобот даври якунларига кўра ўтказиб келинган хатловлар хатолик билан ўтказилган, натижада 145,7 минг литрдан 750,9 минг литргача номутаносибликлар хатловларда яшириб келинган.

Нефть маҳсулотларининг сақланиши бўйича ўтказилган ўрганишларда Жамиятнинг Булунғур филиалида олиб борилган хатловлар натижасида 308,6 млн сўмлик 41,29 минг кг Аи-80 К2-Л автобензини ортиқча эканлиги аниқланди.

Бундан ташқари, нефть маҳсулотларини асоссиз равишда ҳисобдан чиқариш ва иш хақидан бўлган қарздорликлар бўйича жами 453,4 млн сўм миқдорида молиявий хато-камчиликлар аниқланди.

Жамият филиаллари автохўжалигининг механиклари ва ҳайдовчилари томонидан жами 148,6 млн сўмлик 24223 литр нефть маҳсулотлари асоссиз равишда ҳисобдан чиқарилган. Масалан, жамият автохўжалиги механиги ва ҳайдовчилари ўртасидаги келишув натижасида аслида газ ёқилғиси билан ҳаракатланишда бўлган юк автомашинасига ҳақиқатда бажарилмаган қатновлар бўйича йўл варақалари расмийлаштирилиб, жами 18933 литр 117,1 млн сўмлик бензин ёқилғиси маҳсулоти ноқонуний ҳисобдан чиқарилган.

Жамият ва унинг филиалларининг 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 33,38 млрд сўм бўлиб, шундан муддати ўтиб кетган дебиторлик қарздорлиги 19 млрд 843 млн сўмни ҳамда бугунги кунда ундириш «умидсиз» (корхоналар ёпилиши, даъво муддатларининг ўтиши ва ҳоказо) бўлган қарздорлик суммаси 14,23 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Иш бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди. «Ўзбекнефтгаз» матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, жиноий иш қўзғатилган.

«Мароқанд нефть базаси»даги вазият бўйича ўрганишлар якунлари бўйича «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Меҳриддин Абдуллаев раислигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, 11 нафар масъул мансабдор шахс билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди, 6 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.