16−17 сентябрь кунлари президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

16 сентябрда давлат раҳбари Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Россия президенти Владимир Путин ва Покистон бош вазири Имрон Хон билан, 17 сентябрь куни эса Эрон президенти Иброҳим Раисий билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

17 сентябрь куни эса давлат раҳбарларининг йиғилиши ўтказилади. Йиғилиш якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтади.

«Кўплаб хорижий экспертларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги беш йилда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳисобга олинса, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги хавфсизлик ва юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга бўлади», — дея таъкидлади Шерзод Асадов.

Ўша куни янги форматдаги «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти» учрашуви бўлиб ўтади. Унда томонлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар.

Шунингдек, ҳафта давомида президент ҳузурида ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.