Ўзбекистонда сотувчилар тўловларни картадан картага ўтказиш (p2p-ўтказмалар) йўли билан амалга ошириш ҳолатлари сони ортиб бормоқда. Spot.uz ушбу мавзуда ўрганишлар олиб борди.

Ўтказилган мониторинг давомида айрим бозорларда, масалан, мебель ва техникалар сотиб олишда, ресторан ёки сервис марказларида, қарийб ҳар учинчи ҳолатда сотувчилар қўлларида карта ва ишлаб турган терминал бўлишига қарамасдан, пулни картага ўтказиб беришни сўрашмоқда.

Пулни терминалга тушириш ўрнига, картасига ўтказиб олиш орқали сотувчилар солиққа тортиладиган маблағлар ҳажмини камайтиришни хоҳлашмоқда, дея аниқлик киритди нашр. Ҳужжат бўйича бундай ҳолатда компания ҳеч қандай хизмат кўрсатмаган, ҳеч нарса сотмаган бўлиб чиқади — шунчаки, бир одам бошқа одамнинг картасига пул ўтказган бўлади. Тўлов хизматлари томонидан пул ўтказганлик учун олинадиган фоиз харид қийматининг камайишида ҳисобга олинади. «Газета.uz» мухбири ҳам айрим дўкон ва умумий овқатланиш муассасаларида шу каби ҳолатларга дуч келди.

UZCARD статистикасига кўра, йил бошидан буён терминаллар орқали тўловлар сони ҳақиқатдан ҳам камайган. Тўловчилар сони 2 фоизга, тўловлар ҳажми 6 фоиз ва транзакциялар сони 13 фоизга камайган.

Айни вақтда p2p-ўтказмалар сони кескин — 2,7 баробарга ошган. Фойдаланувчилар сони 30 фоизга, ўтказмалар ҳажми эса 2,5 баробарга ошган. Ўтказмаларнинг ўртача миқдори 253 минг сўмни ташкил этган, деб ёзмоқда Spot.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Тошкентда бўлиб ўтган «Беш ташаббус ҳаракати» ёшлар форумида бундай ҳолатларга ҳам тўхталиб, p2p-ўтказмаларни «катта муаммо» деб атаган эди.

«Дўконда бир жисмоний шахсдан бошқасига пул ўтказилса, бу савдо деб ҳисобланилмайди. Пул айланмага тушмайди, ўз навбатида сотувчи солиқ тўламайди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, солиқлардан қочган сотувчи бошқа тадбиркорларга нисбатан рақобатда устунликка эга бўлади. Мақсади — ҚҚС ёки бошқа солиқларни тўламаслик.

«Масалан, шартли тадбиркор Алишер қонунларни бузмайди, натижада унинг маҳсулоти бир оз қимматроқ бўлади, ягар мен солиқ тўламасам ва қонунни бузсам, менинг маҳсулотим арзонроқ бўлади ва мен кўпроқ сота оламан. Ҳалол ишлаётган тадбиркор эса касодга учрайди. Шунинг учун жамиятда қонун бузилишига қарши нафрат бўлиши керак. Агар сотувчи QR-кодли чек бермаса, унинг маҳсулотини сотиб олманг», — деди у.

2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон давлат бюджети даромадлари 74,9 триллион сўмни ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,7 триллион сўм (+ 28,7%) кўпроқни ташкил этди. Шерзод Қудбиевнинг сўзларига кўра, солиқ тушумлари ҳажми солиқ юкининг ошиши ҳисобига эмас, балки ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 50 фоизини ташкил этувчи «яширин иқтисодиёт»даги товар айланмасини легаллаштириш ҳисобига ошган.