2026 йилгача Ўзбекистонда олтита кимё-технологик кластер барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни «Навоийазот» корхонасига ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Ўтган жума куни поливинилхлорид ишлаб чиқариш заводининг иккинчи босқичи қурилиши бошланган. Қиймати 400 млн долларлик лойиҳа натижасида поливинилхлорид ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 мингдан 220 минг тоннагача, каустик сода миқдорини эса 75 мингдан 165 минг тоннагача ошириш кутилмоқда.

«Навоийазот» ва Электрокимё заводи базасида биринчи интеграциялашган кимё-технологик кластерни яратиш режалаштирилмоқда. Мазкур кластер режалаштирилаётган олтитанинг биринчиси бўлади.

Иккинчи кластер Бухоро вилоятида жойлашган бўлиб, у ерда табиий газдан полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилацетат (ПВС), полипропилен ва бошқа полимерлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Учинчи кластер Қашқадарё вилоятидаги Шўртан газ-кимё мажмуаси ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи базасида қурилади. У ювиш воситалари ва маиший кимё, бимодал полиэтилен ва бошқа товарларнинг асосий компонентларини ишлаб чиқаради.

«Фарғонаазот» базасидаги тўртинчи кластерда лаклар, мебел учун меламин ва тўқимачилик саноати учун синтетик толалар ишлаб чиқарилади.

Бешинчи кластер Қорақалпоғистонда, Устюртда жойлашган бўлади. У содали сув, поливинилхлорид, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқаришни ташкил қилади.

Тошкент вилоятидаги олтинчи кластер моноаммоний фосфат, олтингугуртли карбамид, бошқа фосфорли ва азотли ўғитлар, оқсил ва ювиш воситаларини ишлаб чиқаради.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2026 йилга келиб кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилга нисбатан 3 баробар ошади ва 2030 йилда ЯИМнинг 7 фоизини ташкил қилади.

«Илгари биз асосан пахта ва газ сотардик. Энди биз чет элга сотмаймиз, ўзимиз қайта ишлаймиз ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Агар керак бўлса, биз ҳатто қўшни давлатлардан газ сотиб оламиз. Нима учун? Корхоналар сони ортиб бормоқда, кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда», — дея таъкидлади президент.

2030 йилгача умумий қуввати 8000 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган, бу йилига 5 млрд куб метр табиий газни тежаш имконини беради. Бу газ қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Давлат раҳбари бу борадаги йирик лойиҳалар учун малакали мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун Тошкентнинг Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва ўқув кластери ташкил этилади. Бу кластерга тўртта университет ва кимё бўйича илмий марказ киради.

Газ экспортини тўхтатиш режаси ҳақида илк бор бош вазир Абдулла Арипов 2020 йил январида маълум қилган эди. Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, 2025 йилга келиб табиий газ экспортини тўхтатиш ва уни мамлакат ичида тўлиқ қайта ишлаш, шунингдек, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чоралари кўрилади.

Шавкат Мирзиёев август ойи бошида фақат шу йилнинг ўзида Ўзбекистон 917 миллион куб метр газ импорт қилганини билдирганди. «Бу катта рақам. Иккинчидан, биз чет эл валютаси ҳисобига импорт қиламиз. Келажакда нима бўлади?» — деган эди у. Президентнинг сўзларига кўра, охирги уч йилда нефт-газ секторига ажратилган 1,4 миллиард доллар ўзини оқламаган.