Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни истеъмолчиларни нефть ва газ ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида табиий газ қазиб олиш ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича эришилган натижалар танқидий муҳокама қилинди.

Президент соҳа мутасаддиларига истеъмолчилар манфаатларини юқори қўйиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига табиий газ, суюлтирилган газ ҳамда нефть маҳсулотларини зарур миқдорда етказиб бериш юзасидан аниқ кўрсатмалар берди.

Хусусан, иккинчи ярим йилликда 32 миллиард куб метр табиий газ ресурлари балансини таъминлаш, айниқса, куз-қиш мавсумида тизимни барқарор ишлатиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун ҳар бир кон кесимида аниқ чора-тадбирларни белгилаб, истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш, хорижий ва қўшма корхоналар салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Геологик-техник тадбирларни бажаришга тажрибали пудратчиларни, ишлатилмасдан турган конларга танлов асосида инвесторларни жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Иккинчи ярим йилликда 457 минг тонна, йил якуни билан 850 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни таъминлаб, аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ва янги газ-кимё лойиҳалари ишга туширилиши инобатга олиниб, келгуси 5 йилда табиий газга бўлган талаб ортиши ҳисоб-китоб қилинган. Давлат раҳбари бу йиллар учун зарур табиий газ ресурсларини шакллантириш мақсадида ҳозирдан аниқ режаларни ишлаб чиқиш, энергетика соҳасини рақамлаштириш кераклигини таъкидлади.

Бунинг учун соҳада геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ва минерал хомашё базасини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

«Нефть ва газ соҳасида ислоҳотлар бўйича кўп-кўп қарорлар қабул қилдик. Янги раҳбарият қўйдик, трансформация бўйича биринчи қадамларни қўйдик. Нефть ва газ ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича аниқ вазифалар нималардан иборатлиги белгиланди. Жуда катта изланишлар ҳозирги талаб нуқтаи назаридан ўз натижаларини бермаяпти», — дея таъкидлади президент («Ўзбекистон 24» телеканали сюжетига биноан).

Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон 917 миллион куб метр газ импорт қилган.

«Бу жуда катта рақам. Иккинчидан, бу импорт қилганимизни пул тўлаб олиб келяпмиз, валютага олиб келяпмиз. Бу нима бўлади келажакда? Уч йилда мана шу 1,4 млрд доллар берган пулимиз (катта эҳтимол билан, хорижий кредитлар ҳақида гап кетмоқда — таҳр.) ўз натижасини бермаяпти. Свет бўйича, айниқса газ бўйича одамлар биздан жуда норози», — деди давлат раҳбари.

2020 йилда Ўзбекистон 50,4 млн долларлик газ импорт қилган, бу 2019 йилга нисбатан 237 маротаба кўпроқ.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми ўтган йилга нисбатан 10,8 млрд кубометрга ёки 17,8 фоизга, яъни 60,5 млрд дан 49,7 млрд кубометргача камайди. 2021 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 53,8 миллиард куб метрга етказиш топшириғи берилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистон газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр газ танқислиги мавжудлигини маълум қилган эди. У газ экспортини қисқартириб, бунинг эвазига 7−8 миллион куб метр газни аҳоли эҳтиёжига йўналтириш бўйича топшириқ берган эди.

2021 йилги Давлат дастурига кўра, суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бекор қилиш назарда тутилган. 1 августдан бошлаб йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилиши кўзланган эди.