«Шимолий альянс» раҳбари марҳум Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли, айни дамда Панжшер вилоятида тўпланган толибларга қаршилик кучларининг етакчиси Аҳмад Масъуд Россиянинг РБК нашрига интервью берди. Аҳмад Масъуд иттифоқдошлари қанчалиги ва Афғонистон келажагини қандай кўраётгани ҳақида сўзлаб берган. «Газета.uz» интервьюнинг таржимасини эътиборингизга тақдим қилади.

Биз мулоқотга тайёрмиз

— Cиз ҳозир қаерда эканлигингизни айта оласизми? Панжшердамисиз?

— Ҳа, мен Панжшердаги уйимдаман.

— Ҳозир сиз билан қанча одам бор, жангчилар сони қанча?

— Минглаб одамлар курашишни истайди ва улар (жангга) тайёр, айнан қанчалигини айтиш қийин, аммо бутун водий жангга тайёр.

— Вазият қандай? Толиблар билан жанглар ёки қандайдир қуролли тўқнашувлар кетяптими?

— Ҳозирча йўқ. Биз ўз кучларимизни тийиб турибмиз. Икки томон ҳам музокаралар бошлашга уринмоқда, бироқ шу билан бирга, ҳарбий вариантга ҳам тайёргарлик кўрмоқда.
Ҳозирда вазият шундай. Биз тинчлик жараёни бошланишига умид қиламиз, агар музокаралар амалга ошса, биз уларга имкон беришимиз керак. Биз мулоқотга тайёрмиз. Биз тинчликка имкон беришга ҳам тайёрмиз. Умид қиламизки, бошқа мамлакатлар — бизнинг қўшниларимиз, минтақадаги державалар — вазиятга аралашади ва музокараларни бошлаши учун «Толибон»га босим ўтказади. Чунки мен тинчлик музокаралари — ягона тўғри йўл эканлигига чиндан ҳам ишонаман. Аммо айни вақт Панжшер водийсида бир қанча ҳарбий манёврлар ва тайёргарлик ишлари олиб борилгани боис биз ўзимизни ҳимоя қилишга, уларга қаршилик кўрсатишга ҳам тайёрмиз.

— Бошқа томон Панжшерга бостириб киришга тайёргарлик кўряптими ёки қандайдир ҳодисалар юз бериб улгурдими?

— Ҳозирча улар фақат тайёрланмоқда ва улар нимагадир тайёрланаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд, аммо ҳеч қандай ҳаракат содир бўлмаяпти.

— Сиз тинчлик музокараларига тайёрлигингиз ва буни хоҳлаётганингизни айтдингиз. «Толибон» музокараларга тайёрми?

— Гап шундаки, улар гапираётган ва қилаётган иши — бу иккита турли хил нарсадир. Улар музокараларга тайёр эканлигини айтишмоқда ва очиғини айтганда бу бизни ҳам руҳлантиряпти. Умид қиламизки, улар ўз сўзларига содиқ қолишади. Биз ҳам музокараларга тайёрмиз, чунки Афғонистонга сўнгги 20 йилда ва умуман сўнгги эллик йилликдаги урушлар етарли бўлди. Шундай экан бизга тинчлик керак ва биз гаплашиб олишимиз зарур. Аммо ерда содир бўлаётган нарсалар — ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани тинчлик бўлишига шубҳамизни оширмоқда.

— Келгуси вазият кескинлашуви ва толиблар билан тўқнашув эҳтимоли қанчалик юқори?

— Мен элликка эллик — деган бўлар эдим. Эҳтимол, тинчлик музокаралари ўз натижасини берар, лекин ҳарбий қарама-қаршилик ҳам рўй бериши мумкин.

Мени ҳеч ким ҳеч қаерга таклиф қилмади

— Ғарб ОАВ манбаларининг хабар беришича, толиблар сизга ўз ғоясига кўра мамлакатни бошқарувчи кенгашга киришни таклиф қилишган. Шу тўғрими?

— Ҳозирча ҳеч нарса тасдиқланмади, булар фақат миш-миш, мени ҳеч ким ҳеч қаерга таклиф қилмади. Аммо менинг қаршилигим, менинг курашим ва менинг мурожаатим шундаки, менга ўзим учун жой топишнинг ўзи етарли эмас, Афғонистон учун ечим топиш керак. Чунки охир-оқибат «Толибон» ўз ҳукуматини шакллантирган тақдирда ҳам, биз курашдан воз кечсак ҳам — Афғонистон учун бу ечим бўла олмайди.

Биз ўтмишиздан келиб чиқиб бошқаларни инкор қилган ҳолда ҳукумат шакллантириб бўлмаслигини тушунтиришни истаймиз — бу иш бермайди. Афғонистонга барча манфаатдор томонлар иштирокидаги ҳукумат зарур ва бу олдинга ҳаракатланишнинг ягона йўли. Биз бутун Афғонистонни ифодалаш, ечим қандай бўлиши ва қандай қилиб олдинга интилиш мумкинлиги ҳақида гапирмоқчимиз.

Энг муҳими — инклюзивлик. Агар барча томонлар иштирокидаги ҳукумат тузилса, шундагина биз келажакка умид билан боқишимиз мумкин. Агар бундай бўлмаса, бу давлат қуриш учун яна бир муваффақиятсиз уринишга айланади. Афғонистон яна муаммолар гирдобига тушиб қолади, муаммолар ортидан янги муаммолар юзага келаверади. Биз Афғонистонни қутқармоқчимиз, биз афғонларга эски хатоларни яна ва яна такрорламаслиги учун ёрдам бермоқчимиз. Афғонистонда давлат қуриш мумкин, биз уларга агар ҳар ким ўзини ҳокимият структурасида кўра олса, бунинг имкони борлигини тушунтирмоқчимиз.

— «Толибон» етакчилари билан тўғридан-тўғри алоқаларингиз борми?

— Ҳа, мен улар билан бир неча бор гаплашдим. Мен уларга қандай ечимни кўраётганимни айтдим.

— Ким билан?

— Мен ҳарбий ва сиёсий раҳбарият вакиллари билан гаплашдим.

— Сиз «Толибон» етакчилари, хусусан ҳарбий раҳбарият билан суҳбатлашганингизни айтяпсиз. Абдул Ғани Бародар билан ҳам мулоқот қилдингизми?

— Ҳозирча йўқ. Аммо, биз тез орада мулоқот қилишимиз мумкин.

— Кенгашга таклиф қилишса кирасизми?

— Бу менинг қарорим эмас, мен ўз одамларим билан гаплашишим керак бўлади. Мен бу ишларни ўзим учун қилмаяпман.

Москва ёрдам бериши мумкин

— Россия расмий вакилларидан кимдир билан алоқага чиқдингизми?

— Ҳали йўқ. Аммо мен умид қиламанки, бунга имкон бўлади. Сабаби Россиянинг Афғонистондаги хавфсизлик ҳолати ва сиёсий вазиятдан хавотирлари бор. Умид қиламанки, улар сиёсий жиҳатдан аралашади ва зўравонлик авж олишининг олдини олишга кўмаклашади. Бундан улар ҳам манфаатдор, сабаби бу ерда экстремистик мафкура ёйилса, у бутун Марказий Осиё ва Россия жанубида ҳам алангаланиб кетади, оқибатда экстремизм кучая бошлайди.

«Толибон» Кобулни олганида дунё бўйлаб кўплаб гуруҳлар уларни табриклагани гувоҳига айландик ва энди улар ўзининг аъзоларига буни намуна сифатида кўрсатяпти, улар ҳам шундай натижаларга эришишии мумкинлигини айтишмоқда. Шундай экан, буларнинг барчаси зўравонликлар кескин ошиши ва Марказий Осиёга киришни ёки Россия жанубидаги вазиятни беқарорлашини хоҳловчи янгидан янги террорчилар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Вазиятга аралашиш ва бу ерда инклюзив ҳукумат тузишга кўмаклашиш — уларнинг манфаатлари доирасидаги иш эканлигига ишончим комил.

— Россия фаолроқ бўлиши керак деганда айнан нимани назарда тутаяпсиз?

— Мен ўйлайманки, Москва биз ва «Толибон» ўртасида фавқулодда тинчлик музокаралари ўтказиш ва уларни бунга кўндиришда ёрдам бериши мумкин. Бу уларнинг қўлидан келадиган ёрдам.

Биз изоляцияда яшашни истамаймиз

— Нима сабабдан Афғонистон учун «Толибон»нинг бошқаруви тўғри келмайди?

— Биз Афғонистон минтақавий державалар ва дунёнинг бошқа давлатлари тан олмайдиган давлат бўлишини истамаймиз. Биз Афғонистон фуқаролари жабр кўрадиган изоляциядаги давлат бўлиб қолишни хоҳламаймиз. Биз ҳам Афғонистонда ҳам унинг ташқарисида бир-биримиз билан дўстона яшаш имконини бермайдиган ҳукуматни истамаймиз. Биз қаршилик кўрсатишимиз ва салбий сценарийлар содир этилишига йўл қўймаслигимиз учун куч берадиган қатор саволлар ва хавотирлар мавжуд.

Афсуски, «Толибон»нинг ҳаракатлари улар инклюзивлик, толерантлик, инсон ва аёллар ҳуқуқлари тарафдори эмаслигини, улар демократик қадриятларни баҳам кўрмасликларини кўрсатмоқда. Булар халқаро ҳамжамият ҳукуматни тан олиши учун муҳим ҳисобланган жиҳатлардир. Ва бу биз учун ҳам муаммо, буни қабул қила олмаймиз. Биз изоляцияда яшашни хоҳламаймиз, биз минтақа ва дунё билан яхши муносабатлар ўрната олмайдиган ҳукуматни қабул қила олмаймиз. Бундан ташқари, биз ўз халқининг ҳуқуқларини инкор этувчи ҳукуматни қабул қилишимиз ҳам мумкин эмас.

— Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши нуқтайи назаридан «Толибон» 1990-йиллар билан солиштирганда ўзгарганми?

— Улар ўзгарганликлари ҳақида айтишга уринишяпти. Аммо, афсуски, аслида бундай эмаслигини исботловчи далиллар бор. Қандаҳордан Ғазни ва Кобулгача вазият бир хил (сўнгги ҳафта давомида Афғонистон бўйлаб мусиқа эшитишга қўйилган тақиқлар, тинч намойишчиларнинг ўққа тутилиши ва Ғани ҳукумати давридаги ҳарбий бошлиқларнинг қатл қилинаётгани ҳақида хабарлар келмоқда — РБК). Улар ўзгармаганини кўрсатувчи кўплаб далиллар бор. Аммо бизда ҳамон умид бор. Биз улар фақат тилда эмас, амалда ҳам ўзгарганликларини кўрсатишларини хоҳлаймиз. Мисол учун, биз билан музокаралар ўтказишни. Улар барча манфаатдор томонлар иштирокидаги ҳукумат хоҳлаётганлигини, Афғонистон келажагининг тўлиқ эмас, балки бир қисми бўлишини истаётганларини айтишини хоҳлаймиз.

— Озчилик ўзбеклар ва Абдул-Рашид Дўстум оиласи қаршилик кучларига қўшилгани ростми?

— Бизнинг қаршилигимиз олдига қўйилган вазифа фақат Панжшерни ҳимоя қилишдан иборат эмас. Биз бутун Афғонистон ва Панжшерни ифода этамиз. Биз бутун мамлакат номидан ҳимояланаяпмиз. Афсуски, ҳозир тинчлик, ҳудудий яхлитлик, суверенитет, мустақиллик тақдири бошқа томонлар қўлида бўлиб қолди. Мен сўнгги кунларда Дўстум ва бошқа етакчилар билан гаплашдим. Улар жуда руҳлантириб, умид бағишлаб, ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрликларини — улар ҳар қайси вазиятда ҳам мен билан эканликларини айтишди. Агар тинчлик музокаралари бошланса — ушбу етакчилар ва «Толибон» ўртасида ҳам тинчлик бўлиши лозим, агар қарши курашиш ва уруш бўлса — улар ҳам жангга киришади.

— Сиз Тожикистон ёки бошқа ҳар қандай чет эл давлатидан ҳарбий ёрдам олаяпсизми?

— Йўқ. Биз қандайдир ёрдам ёки қурол олганимиз ҳақида кўплаб миш-мишлар бор. Бироқ, афсуски, бугунги кунда бирор давлат афғон қаршилик кучларига ёрдам кўрсатмаяпти. Бизда нимаики бўлса — бу фақат шу вақтгача Афғонистон халқида бўлганларидан иборат.

— Сиз ўзингиз сўнгги бир неча кун давомида мулоқот қилган мухолифат етакчилари номларини айта оласизми?

— Албатта, мен маршал Абдулрашид Дўстум, Атто Муҳаммад Нур, Исмоил Хон, Абдулла Расул Сайяф, Ҳазрат Али ва бошқалар билан — айни вақтда Кобулда уй қамоғига ўхшаш ҳолатда бўлган Ҳамид Карзай, Абдулла Абдулла билан гаплашдим. Мен кўпчилик билан мулоқот қилдим.

— Сизнинг фикрингизча, нима учун Ғани режими бу қадар тез қулади?

— Сабаблар кўп, бу кутилган эди. Мен ҳукуматнинг ўзим таниш бўлган ҳар бир вакили билан гаплашдим, барча хорижлик вакиллар билан ҳам гаплашдим — элчилардан тортиб америкалик генералларгача ва элчи Халилзод [АҚШ президентининг тинчлик музокараларидаги махсус вакили] билан ҳам Афғонистоннинг қурилиши, мамлакатда қандай сиёсий муаммолар борлиги хусусида суҳбатлашдим.

Мен [америкаликлар] олиб кетилгач, Афғонистон бир неча ой уёқда турсин, бир неча ҳафта ҳам туриб бера олмаслигини айтган эдим. Уларнинг тахминларига кўра, ҳукумат икки йилгача сақланиб туриши керак эди. Ҳатто мен ҳам ҳақ бўлиб чиқмадим. Бу тез содир бўлганининг сабаблари — коррупция, худбинлик сиёсати ҳамда улар ва халқ ўртасидаги улкан, вайронкор жарлик. Яна битта сабаб шундаки, афғон армияси Американинг шартнома асосидаги аскарлари ва унинг кўмагига узоқ вақт давомида боғланиб қолганки, уларсиз у фаолият кўрсата олмай қолган. Уларнинг (америкалик ҳарбийлар — РБК) тез чиқиб кетиши қўллаб-қувватлаш, таъминот ва қўмондонликда вакуум ҳосил қилган — ва армияда саросима бошланган, жанговар руҳ тушиб кетган ва буларнинг барчаси шундай тартибсизликларга олиб келди.

— «Толибон» бошқарувидаги давлатда яшашни хоҳламаётган ва мамлакатдан чиқиб кета олмаётганларни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

— Масала шундаки, Панжшер водийси — хавфсиз ҳудуд. Халқаро ҳамжамият, минтақавий державалар, шу жумладан Россия «Толибон»га босим ўтказиб, Афғонистонни тарк этолмаганлар учун уни буфер зонага айлантириши мумкин. Бу тинчлик музокаралари бирор натижага олиб келмагунича улар қолиши мумкин бўлган эркин ҳудудга айланиши мумкин эди. Улар бу ерда тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашлари мумкин. Бу бизда мавжуд имкониятлардан бири. Шунингдек, менимча «Толибон» одамлар нега ва нимадан қочаётганини англаши керак. Бу «Толибон»ни уйғотувчи сигнал бўлишига ишонаман. Улар (толиблар — РБК) ўзгариши керак, одамлар қочишни истамайдиган ҳукумат тузишлари кераклигини тушуниб етишлари лозим. Одамларнинг қочиши улар жуда қўрқаётганини ва ҳозирги вазият ёқмаётганини кўрсатади.

Кичик Аҳмад Масъуд 1989 йилда туғилган. Отаси, Шимолий альянс раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъудни журналистлар қиёфасида қароргоҳга келган икки жангари ўлдирганида у атиги 12 ёшда эди. Бу ҳодиса «Ал-Қоида»нинг 2001 йил 11 сентябрда АҚШда амалга оширган терактларидан икки кун олдин содир бўлган. АҚШдаги теракт 3 мингдан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлиб, Америка тарихидаги энг йирик терактга айланган. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга бостириб киришига бу мамлакатни 1996 йилдан бери бошқариб келган «Толибон» «Ал-Қоида» раҳбарларига бошпана берганини сабаб қилиб кўрсатган. Орадан 20 йил ўтиб АҚШ ва НАТО Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқишни якунламоқда, оқибатда мамлакатнинг деярли бутун ҳудуди толиблар қўлига ўтди.

Кичик Аҳмад Масъуд Эрондаги мактабни тамомлаган. Олий таълимни Буюк Британияда олган. Аввалига бир йил Сандҳерстдаги Қироллик ҳарбий академиясида ўқиган, кейин King`s College`да ҳарбий ишларни ўрганган, ундан кейин эса Лондон шаҳри университетида (City, University of London) халқаро муносабатларни ўрганган.

Афғонистонга 2016 йилда қайтган, 2019 йилда эса расман отасининг меросхўрига айланган. Тантанали маросим Панжшер водийсида ўтказилган эди.