Афғонистоннинг ҳарбий ва сиёсий арбоби, асл келиб чиқиши ўзбек бўлган маршал Абдул-Рашид Дўстум 14 август куни ўзбек-афғон чегарасини кесиб ўтган ва ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турибди. Бу ҳақда Reuters ва «РИА Новости» хабар тарқатди. ТАСС агентлиги маҳаллий журналистга таяниб, айни вақт Дўстум Термизда эканлигини ёзмоқда. Мазкур хабарни «Газета.uz»га Сурхондарё вилоятидаги манбаси ҳам тасдиқлади.

Шанба куни «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Балх вилоятининг маъмурий маркази — Мозори-Шариф шаҳрини эгаллади. Афғонистон ҳукумати қўшинларининг бир қисми Ўзбекистон билан чегара ҳудуд томонга ҳаракатланган ва Дўстлик («Термиз-Ҳайратон») кўприги устида тўпланишган.

Толиблар шимолдаги сўнгги шаҳарни қўлга олгач, ҳукумат хавфсизлик кучлари ва маҳаллий жангари гуруҳлар қочишни бошлаган. Улар орасида Афғонистон ўзбекларининг норасмий етакчиси маршал Абдул-Рашид Дўстум ва тожиклар етакчиси, Балх вилоятининг собиқ губернатори Атта Муҳаммад Нурнинг ҳам борлиги айтилмоқда.


Маршал Дўстум и Атта Мухаммад Нур. Фото: Facebook.

Атта Муҳаммад Нур Twitter`да улар хавфсиз жойда эканлигини маълум қилди. Унинг ёзишича, толиблар фитна натижасида ҳудудни қўлга олган: «Барча ҳукумат иншоотлари ва кучлари «Толибон»га топширилган эди. Бу фитнанинг кўлами катта ва кенг эди, улар маршал Абдул-Рашид ва мени тузоққа туширмоқчи бўлишди, бироқ бу амалга ошмай қолди».

Маршал Дўстумнинг қаерда эканлигига оид хабар юзасидан «Газета.uz» сўровига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги изоҳ бермади.

Дўстлик кўпригида афғон аскарлари тўпланган куни Ўзбекистон қўшни давлатнинг 84 нафар ҳарбий хизматчисини вақтинча қабул қилди ва уларга тиббий ёрдам кўрсатди.

Маршал Дўстум ким?

Абдул-Рашид Дўстум 1980 йиллар бошида СССРда таҳсил олган, деб ёзмоқда РБК, афғон уруши (1979−1989) йилларида асосан ўзбеклардан тузилган ҳукумат қўшинларининг 53-дивизияси қўмондони бўлган. Совет қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан сўнг у ҳукуматни Афғонистонни федераллаштириш шарти билан қўллаб-қувватлаган. 1990 йилларда жангарилар билан мамлакат шимолидаги Мозори-Шариф шаҳрида мухторият тузиб олди. Фуқаролик урушида «Толибон» ғалабасидан сўнг, Дўстум 1997 йили вақтинчалик мамлакатни тарк этди. 2014 йилги президент сайловларидан сўнг у Афғонистон вице-президенти лавозими қўлга киритди, бироқ, 2017 йилнинг майида Туркия жўнаб кетишга мажбур бўлади.

Туркияда узоқ давом этган даволанишдан сўнг, у 4 август куни Афғонистонга қайтди. 11 август куни Афғонистондаги ўзбеклар жамоатидан — Абдул-Рашид Дўстум, тожиклар жамоатидан — Атта Муҳаммад Нур, ҳазора жамоатидан — Хожи-Моҳаммад Моҳакик президент Ашраф Ғани билан учрашди. Мулоқотда ҳукумат мудофаа ва халқ сафарбарлик кучларини мувофиқлаштириш, Толибон томонидан қўлга киритилган ҳудудларни қайтариш бўйича операция муҳокама қилинди.

2020 йилнинг сентябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисидаги онлайн нутқида Доҳада (Қатар) бўлиб ўтаётган Афғонистоннинг сиёсий кучлар ўртасидаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаган эди. Шундан сўнг, ЎзА давлат ахборот агентлиги маршал Абдул-Рашид Дўстумнинг «Ўзбек тилим, миллатим, ифтихорим менинг» номли мақоласини эълон қилган эди.

Мақолада у Шавкат Мирзиёевнинг чиқишини «алоҳида тарихий воқеа» деб атаган. «Мен бундан шахсан ўзим ўзбек ўғлони ва афғонистонлик ўзбекларнинг раҳбари сифатида фахрланаман. Бу биз учун юксак ифтихордир», — дея таъкидлаган маршал.