«Толибон» ҳаракати 1994 йилда ташкил этилган. Ҳаракатнинг асосчиси Мулла Умар бўлиб, у 2013 йилгача (ўлимига қадар) толиблар етакчиси бўлган. Бир кўзи ожиз бўлган ҳарбий раҳбарнинг ўлимини унинг шериклари фақат 2015 йилда тан олишган. Ўшандан бери «Толибон» ўз раҳбарини икки марта ўзгартирган. Ўтган ҳафта Афғонистоннинг бутун ҳудудини назорати остига олган толиблар мамлакатнинг янги раҳбариятини таништириш ниятида.

Ҳозирда «Толибон»нинг етакчилари ким ва улар ҳақда нималар маълумлиги тўғрисида «Газета.uz» сўз юритади.


Ҳайбатулла Оҳундзода

Ҳайбатулла Оҳундзода. Фото: Voice of America / Wikimedia Commons

«Толибон» ҳаракати вакиллари рўйхатида биринчи бўлиб ташкилотнинг амалдаги олий раҳбари Ҳайбатулла Оҳундзода туради. 1980 — йиллардаги Совет кампанияси пайтида у мужоҳидлар сафида жанг қилган, аммо унинг фронт чизиғидаги жангларда қатнашгани ҳақида маълумот йўқ.

Оҳундзода 1994 йилда тузилганига кўп бўлмаган «Толибон» сафига қўшилиб, ҳаракат асосчиси мулла Муҳаммад Умарнинг ишончли кишиларидан бирига айланган.

1996 йилда «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятга келганида, Оҳундзода ҳарбий судни бошқарган ва Олий суд раисининг ўринбосари бўлган. Айтилишича, у жиноятга қўл урганларни толиблар томонидан ўрнатилган қаттиқ жазоларга ҳукм қилган (масалан, ўғрилик учун қўлларни кесиш).

Афғонистонда толиблар режими ағдарилгандан сўнг, Оҳундзода Покистонга кўчиб, турли мадраcа, Ислом диний мактабларида дарс берган.

2013 йилда Толибон асосчиси мулла Умар ўлдирилган. Ахтар Муҳаммад Мансур гуруҳнинг янги раҳбари этиб сайланган ва Оҳундзода унинг ўринбосарларидан бирига айланиб, «Толибон»нинг террористик ҳужумларини уюштиришда асосий шахслардан бири бўлган.

2016 йилда Мансур Покистонда ҳалок бўлган. Бир неча кундан кейин Оҳундзода ҳаракатнинг янги раҳбари деб эълон қилинган.

Оҳундзода гуруҳнинг олий қўмондони сифатида сиёсий, ҳарбий ва диний ишлар билан шуғулланади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Оҳундзоданинг олдига «Толибон»ни бирлаштириш вазифаси қўйилган эди, чунки Мансур даврида ҳаракат ичида келишмовчиликлар ва ҳатто қуролли тўқнашувлар бошланган. Улар Оҳундзодани камтарин инсон сифатида қайд этиб, толибларнинг аввалги етакчисидан фарқли ўлароқ, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш учун музокараларга рози бўлиши мумкин, деб тахмин қилишган. Аммо ҳаракат аъзолари унинг тинчлик сулҳини тузишга рози бўлмаслигини таъкидлашган.

«Толибон»да Оҳундзода омма олдида кўринишни ёқтирмайдиган консерватив диний уламо сифатида танилган, дейди афғонистонлик журналист Сами Юсуфзай. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, толиблар Оҳундзодадан судьялик вазифалари бўйича ўтмиши учун қўрқишади.

«Толибон» раҳбарига ҳам суиқасдлар бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Матбуот унинг ўлими ҳақида бир неча бор хабар берган (шу жумладан коронавирусдан ҳам), лекин улар тасдиқланмаган. Август ойи бошида «Толибон» расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид Оҳундзоданинг толиблар етакчиси бўлиб қолишини, диний, сиёсий ва ҳарбий масалаларда ҳал қилувчи сўзга эга эканлигини айтган.

Мулла Абдул Ғани Бародар

Мулла Абдул Ғани Бародар. Фото: «Ўзбекистон 24» лавҳаси.

Толибоннинг «юзи»га айланган Абдул Ғани Бародар 1968 йилда Афғонистон марказидаги Урузган провинциясида туғилган. У Қандаҳорда ўсган ва Совет қўшинлари Афғонистонга бостириб киргандан кейин уларга қарши жангларда қатнашган. Тахминларга кўра, айнан ўша пайтда Бародар мулла Умар билан танишган. СССР қўшинларини Афғонистондан олиб чиққанидан сўнг, Бародар Умар билан биргаликда Қандаҳорда мадраса очган ва кейинчалик «Толибон» асосчиларидан бирига айланган.

«Ислом амирлиги» пайтида у «Толибон»нинг асосий ҳарбий стратегларидан бири бўлиб, террористик ва ҳарбий операцияларни мувофиқлаштириш ва молиялаштиришга масъул бўлган.

2001 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистонга бостириб кирганида ва «Толибон» режимини ағдарганида, Бародар мудофаа вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

«Толибон» Афғонистонда мағлуб бўлганидан сўнг, Бародар Покистонга қочиб кетган. Уни АҚШ кўмагида ҳокимиятга келган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан муроса тарафдори деб аташган. Аммо 2009 йилда Бародар Американинг Newsweek журналига берган интервьюсида америкаликлар Афғонистондан чиқиб кетмагунча, «Толибон» қуролларини ташламаслигини айтган.

Бародар «Толибон»нинг асосий музокарачиси бўлиб қолмоқда. Айнан у Ғарб давлатлари вакиллари ва Афғонистоннинг собиқ ҳокимияти билан тинчлик музокараларини олиб борган. У АҚШ билан 2020 йил бошида америкалик қўшинларни олиб чиқиш бўйича шартномани имзолаган. Ҳужжатни тайёрлаш учун у ўша пайтда Марказий разведка бошқармаси раҳбари бўлиб ишлаган Майк Помпео билан учрашган, ўша пайтдаги АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали гаплашиб, Оқ уй раҳбари билан тўғридан-тўғри гаплашган биринчи «Толибон» етакчисига айланган.

Бародар билан шахсан учрашган афғонистонлик журналист Сами Юсуфзай уни хотиржам, жуда дипломатик одам деб таърифлаган.

Сирожиддин Ҳаққоний

Сирожиддин Ҳаққоний. Фото: fbi.gov

Сирожиддин — Жалолиддин Ҳаққонийнинг ўғли. Жалолиддин Ҳаққоний Совет қўшинлари билан жанг қилган ва бу жангда Америка махсус хизматлари томонидан қўллаб-қувватланган. Унинг вафоти 2018 йилда эълон қилинган. Толибларга қўшилишдан олдин Жалолиддин ўзининг «Ҳаққоний тармоғи» террорчилик гуруҳини тузган.

Жалолиддиннинг ўғли Сирожиддин Ҳаққоний 2015 йилда «Толибон» сафига қўшилган. Бунгача у отасининг ташкилоти сафида жанг қилган. АҚШ уни олти киши ҳалок бўлган Кобулдаги меҳмонхонада содир бўлган теракт ва ўша йили Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга қилинган суиқасдда гумон қилиб қидирмоқда.

Кичик-Ҳаққоний Афғонистон жануби ва жануби-шарқидаги ҳудудларни назорат қиларди. Аммо сўнгги йилларда, АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, у ҳарбий режалар бўйича масъул бўлган.

АҚШ Федерал тергов бюроси «Толибон» қўмондони Сирожиддин Ҳаққоний қўлга олинишига олиб келиши мумкин бўлган маълумот учун 5 млн доллар таклиф қилмоқда.

«Ҳаққоний тармоғи»нинг етакчиси 2020 йилда The New York Times`да «Биз, Толибон, нимани истаймиз» номли мақолани эълон қилгани билан ҳам машҳур. 2010 йилда эса у ўзининг 144 саҳифадан иборат «Мужоҳидлар манфаати учун уруш дарслари» китобини нашр этган. Унда у бошни танадан жудо қилиш ва худкуш-террористларнинг портлашларини қўллаб-қувватлаган, шунингдек Ғарб мусулмонларини оломон билан қўшилиб кетишга, сочни олдириб, Ғарб кийимларини кийишга ва «сабрли бўлишга» ундаган.

Мулла Муҳаммад Ёқуб

РБК. Унинг суратлари очиқ манбаларда мавжуд эмас.

Гуруҳдаги яна бир муҳим шахс ва ҳаракатнинг энг ёш раҳбарларидан бири — «Толибон» асосчиси Муҳаммад Умарнинг тўнғич ўғли Муҳаммад Ёқуб ҳисобланади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Ёқуб 1990 йилда туғилган. Худди отаси каби Ёқуб мулла мақомини олган, 2013 йилда Умар вафотидан кейин машҳур бўлиб кетган.

Гарчи у Умарнинг вориси сифатида «Толибон» раҳбари сифатида тан олинган бўлса-да, ҳозирда у ҳаракатнинг қуролли кучларини бошқаради. Ёқуб 2013 йилда ҳаракатнинг бошқа вакиллари билан зиддият туфайли отасининг ўрнини эгаллай олмагани тахмин қилинади.

У жангариларга раҳбарлик қилишдан ташқари, «Толибон»нинг ҳозирги раҳбари ўринбосарларидан бири ҳисобланади. 2020 йилда ҳаракат раҳбари COVID-19 билан касалланганида Ёқуб вақтинча ташкилот раҳбари вазифасини бажарувчи бўлган. Шу билан бирга, «Толибон» Афғонистонни қўлга киритиши билан у биринчилардан бўлиб ҳаракат жангариларини афғон ҳарбийлари ва ҳукумат аъзосига зарар етказмасликка чақириб, мамлакатдаги бозор ва дўконларнинг барқарор ишлашини кузатишни талаб қилган.

Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) маълумотларига кўра, Ёқубни Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаган «шартли босиқ» «Толибон» қанотига киритиш мумкин. RUSI уни Саудия Арабистонига яқин деб атайди.

Афғонистонлик журналист Фрад Бежаннинг сўзларига кўра, у Покистондаги исломий мактабларда таҳсил олган.

Мулла Абдул Ҳаким

Мулла Абдул Ҳаким. Фото: /TGhazniwal/twitter.com

Қандаҳор вилоятида туғилган, 54 ёшда. 2020 йилда музокаралар олиб бориш бўйича лавозимни эгаллади. Бунгача у «Толибон»нинг асосий сиёсий органи жойлашган Кветта шаҳрида исломий диний мактабни бошқарган.

«Толибон» ҳукмронлиги даврида у Қандаҳор судида судья бўлиб ишлаган ва дарс берган. Беш йил олдин у суд ишлари бошлиғи этиб тайинланган, шундан сўнг у кўплаб фатволар чиқарган. Айтилишича, у шериклари орасида ҳуқуқий ва диний масалаларда энг билимдон ҳисобланади. Покистондаги Дарул-улум-Хакания мадрасасини тамомлаган, Оҳундзоданинг ишончига сазовор бўлган етакчилардан бири.