UzReport каналида эълон қилинган видеода Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилган аёл ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзини вазир ўринбосарининг иккинчи хотини эканлигини айтиб жанжал кўтарганлиги акс этган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилган.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, 30 июль куни Учтепа тумани, КХАЙ кўчаси, Жаҳон тиллари университети қаршисида ўтказилаётган махсус рейд тадбирида ЙПХ инспектори томонидан оқ рангли «Nexia-3» русумли давлат рақами 01 Х 743 DB бўлган автоуловга тўхташ ишораси берилди, бироқ ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан ўз ҳаракатини давом эттирган.

Кўрилган чора тадбирлар натижасида мазкур транспорт воситаси КХАЙ ва Фарход кўчалари кесишмасида тўхтатилади. ЙПХ инспектори томонидан текширилганда транспорт воситаси ҳайдовчиси 1996 йилда туғилган Э.Мaдина автотранспорт воситасини техник қайд этиш гувоҳномасидан ташқари бошқа хужжатларни тақдим эта олмаганлиги айтилади.

Жавобгарликдан қочиб қутулиш мақсадида Э.Мадина ва унинг укаси Э.Умид (1999 йилда туғилган) ИИО ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиб, жанжал кўтарган.

«Мен «замминистр»нинг иккинчи хотини бўламан. Ҳозир телефон қиламан, мана шу камерангиз учун жавоб берасиз», — дейди аёл ЙПХ ходимларига ҳужжатларини тақдим этишдан бош тортиб.

Унинг укаси эса оператор ва ЙПХ ходимларига қўполлик қилган: «Синдириб ташлайман, фойда бермайди формангиз ҳам». Ундан ҳужжатлар сўралганда, «Тошкент фуқаросиман» деб жавоб бериб, ҳужжатлари ўзи билан эмаслигини айтади.

Видеонинг тўлиқ версиясида ички ишлар органи ходими фуқаро Э.Мадинадан «Сиз кимсиз? Аёл кишимисиз? 12:30 кўчада нима қили юрибсиз кечқурун», деб сўрайди.

Ушбу фуқароларга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан мамурий баённома расмийлаштирилиб, автоулов вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилган, дейилади хабарда.

«Ўтказилган текширув жараёнида Э.Мадинанинг ҳеч кайси вазир ўринбосарига алоқаси йўқлиги аниқланди», — дея таъкидланади ИИББ баёнотида.

«Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтамиз, бировнинг номини сотиб, ўзини кимнингдир қариндоши деб таништириш, жанжал кўтариш орқали жавобгарликдан қочиб қутулиб бўлмайди. Қонун олдида барча баробар», — дейилади хабарда.

Видео