Ўзбекистонда 26 августдан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 5000 сўм ва 10 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар.

Биринчи қоғоз пуллар Хитойда 910 йилда пайдо бўлган бўлса, дунёдаги биринчи банкнотлар 1661 йилда Стокгольмда чоп этила бошланган. Бугунги кунда банкнотлар асосан икки турдаги материалдан — таркибида пахта ва зиғир бўлган қоғоз ёки полимердан (пластик) қилинади. Баъзи банкнотлар учун гибрид, яъни қоғоз ва пластик материалидан ҳам фойдаланилади.

Ҳар бир мамлакатда ўзига хос дизайнга эга пулларни — шакли горизонтал ёки вертикал, ўлчами катта ёки кичик, ҳар хил қийматда, банкнотларнинг устида тарихий обидалар ва ёдгорликлар, миллий каҳрамонлар ва давлат арбоблари, табиат, ҳаттоки замонавий абстракт суратлар тасвирларини кўрса бўлади.

1961 йилда ташкил этилган Халқаро банкнот жамияти (ХБЖ) 2004 йилдан буён «Йил банкноти» танловини ўтказиб келади. Ташкилот йил давомида янги чоп этилган банкнотлар бўйича таклифларни қабул қилади. Сўнгра, ХБЖнинг икки мингга яқин аъзоси учта мезон асосида — бадиий элементлар, дизайн ва янги хавфсизлик хусусиятларига асосланиб, саралаб олинган пулларни баҳолайдилар.

Энг кўп балл тўплаган банкнот «Йил банкноти» деб эълон қилинади. Бундан ташқари, ташкилотнинг вазифаларига қоғоз пуллар билан боғлиқ маълумотларни ўрганиш, тўплаш ва тарқатиш ҳам киради.

Мазкур танловда 2010−2020 йилларда ғолиб бўлган дунё мамлакатлари пуллари ҳақида «Газета.uz» сўз юритади.

«Йил банкноти 2020» — Мексиканинг 100 песоси

Фото: IBNS

2020 йилда Халқаро банкнот жамияти Мексика банкининг 100 песо банкнотини мазкур номинация ғолиби деб эълон қилди. Ўлчами 132×65 мм, вертикал шаклдаги банкнот полимер материалда чоп этилган бўлиб, 2020 йил 11 декабрда муомалага чиқарилди. Унинг олд томонида Мексиканинг миллий қаҳрамонларидан бири, шоира ва ёзувчи Сор Хуан Инес де ла Крус тасвирланган. Орқа томонида дунёда «Монарх капалаклари биосфера қўриқхонаси» номи билан машҳур бўлган мўътадил ўрмон экотизими акс этган. Бундан ташқари, банкнотда мамлакатнинг маданий ва тарихий обидаларини кўриш мумкин. Бугунги кунда 100 песонинг айирбошлаш қиймати 4,93 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

Ташкилотнинг маълум қилишича, 2020 йил давомида бутун дунё бўйлаб 100 дан ортиқ янги банкнотлар муомалага чиқарилган ва улардан атиги 24 таси номинацияга тақдим этилган. Биринчи ўрин учун, шунингдек, Шотландиянинг 20 фунт стерлинги, Шимолий Ирландиянинг 20 фунти, Багама оролларининг 5 доллари ва Фижининг 50 долларли банкноти курашган.

Таъкидлаш жоиз, ушбу танловда Мексика миллий валютаси илк маротаба ғолиб бўлган.

«Йил банкноти 2019» — Арубанинг 100 флорини


Фото: BanknoteNews

«Йил банкнотаси 2019» танловида Aруба Марказий банкининг 100 флорин банкноти ғолиб бўлган. 2019 йил 3 июнда муомалага чиқарилган Арубанинг ушбу банкноти вертикал шаклда ва ўлчами 148×74 мм бўлиб, қоғозда чоп этилган. Унинг олд томонида мамлакат табиатига хос игуана ва алоэ ўсимлиги тасвирланган. Орқа томонида яшил ва кўк тасмалар билан рақсга тушгётан аёллар акс этган. Ҳозирда 100 флориннинг айирбошлаш қиймати 55,56 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

2019 йилда дунё бўйлаб 100 дан ортиқ янги банкнотлар, жумладан Ўзбекистонда 100 минг сўмлик банкнот муомалага чиқарилди. 22 та банкнот танловда иштирок этган. Арубанинг 100 флоринига Шарқий Кариб денгизи давлатларининг 10 доллари, Шимолий Ирландиянинг 5 фунти ва Швейцариянинг 1000 франки рақиблик қилган. Аруба пул бирлиги ушбу танловда илк бор қатнашган.

Маълумот учун: Aруба — кичик орол-давлат бўлиб, Кариб денгизининг жанубида, Венесуэла соҳиллари яқинида жойлашган. Мамлакат 1986 йилдан буён Голландия Қироллигининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ер майдони 180 кв км, аҳолиси эса 120 минг кишидан иборат.

«Йил банкноти 2018» — Канаданинг 10 доллари


Фото: BanknoteNews

2018 йилда ХБЖ Канада банкининг 10 долларлик банкнотини мазкур танлов ғолиби этиб эълон қилди. Ўлчами 152×70 мм, вертикал шаклдаги банкнот полимер материалда чоп этилган бўлиб, 2018 йил 19 ноябрда муомалага чиқарилди. Банкнотнинг олд томонида бутун Канада бўйлаб ирқий тенглик учун кураш олиб борган — «адолат тимсоли» Виола Десмонд тасвирланган. Десмонд мамлакат пулида тасвирланган биринчи канадалик аёл ҳисобланади. Қолган барча аёллар Британия қироллик оиласининг аъзолари бўлган. Пулнинг орқа томонида 2014 йилда очилган Канада инсон ҳуқуқлари музейи акс этган. Бугунги кунда 10 Канада долларининг айирбошлаш қиймати 7,93 долларга тенг (мақола эълон қилинган санага кўра).

Ташкилотнинг маълумотларига кўра, 2018 йилда дунё бўйлаб 150 дан ортиқ янги банкнотлар чоп этилган ва уларнинг атиги 10 фоизи танлов учун саралаб олинган. Канада долларининг рақиблари орасида Швейцариянинг 200 франки, Норвегиянинг 500 крони, Россиянинг 100 рубли ва Соломон оролларининг 40 долларлик банкноти бўлган. Канада биринчи марта 2004 йилда ушбу мукофотга сазовор бўлган.

«Йил банкноти 2017» — Швейцариянинг 10 франки


Фото: BanknoteNews

«Йил банкноти 2017» танловида Швейцария миллий банкининг 10 франклик банкноти ғолиб бўлган. 2017 йил 18 октябрда муомалага чиқарилган Швейцариянинг ушбу банкноти вертикал шаклда ва ўлчами 123×70 мм бўлган бўлиб, гибрид материалда, яъни қоғоз ва полимерда чоп этилган. Унинг олд томонида оркестрни бошқараётган қўллар ва вақт зоналари кўрсатилган глобус акс этган. Орқа томонида Швейцария темир йўлларининг пунктуаллигини англатувчи соат механизми ва мамлакат темир йўллари тизими тасвирланган. Ҳозирда 10 франкнинг айирбошлаш қиймати 7,92 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

2017 йилда дунёда 170 дан ортиқ янги банкнотлар, жумладан Ўзбекистонда 10 минг ва 50 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилган. Шулардан деярли учдан бир қисми танловда номзод сифатида қатнашган. Швейцария банкнотига Шотландиянинг 10 фунти, Канаданинг 10 доллари, Фижининг 7 доллари, Россиянинг 2 минг рубли ва Қирғизистоннинг 2 минг соми рақиблик қилган. Швейцария учун бу кетма-кет иккинчи ғалаба бўлган.

«Йил банкноти 2016» — Швейцариянинг 50 франки


Фото: IBNS

2020 йилда Халқаро банкнот жамияти Швейцария миллий банкининг 50 франк банкнотини танлов ғолиби деб эълон қилган. Ўлчами 137×70 мм, вертикал шаклдаги банкнот гибрид (қоғоз ва полимер) материалда чоп этилган ва 2016 йил 4 декабрда муомалага чиқарилди. Таъкидланишича, банкнот дизайни шамолга бағишланган. Унинг олд томонида момақаймоқ ушлаб турган қўл ва Ердаги барча шамол оқимлари тасвирланган. Орқа томонида тоғлар устидан учаётган пароплан акс этган. Бугунги кунда 50 франкнинг айирбошлаш қиймати 39,6 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

2016 йилда дунё бўйлаб деярли 120 та янги банкнотлар муомалага чиқарилди, уларнинг ярмидан кўпи танловда қатнашиш учун лойиқ деб топилди. Швейцария франки билан бирга биринчи ўрин учун Малдив оролларининг минг руфиаси, Aргентинанинг 500 песоси, Шотландиянинг 5 фунти, Грузиянинг 50 лариси, Беларуснинг 100 рубли ва бошқа банкнотлар курашди.

«Йил банкноти 2015» — Янги Зеландиянинг 5 доллари


Фото: BanknoteNews

«Йил банкноти 2015» танловида Янги Зеландия резерв банкининг 5 долларлик банкноти биринчи ўринни эгаллади. 2015 йил 10 декабрда муомалага чиқарилган ушбу банкнот горизонтал шаклда ва ўлчами 138×66 мм бўлган бўлиб, полимер материалда чоп этилган. Банкнотнинг олд томонида мамлакатнинг энг баланд нуқтаси Кук (Аораки) тоғи ва биринчилардан бўлиб Эверест чўққисини забт этган Эдмунд Хиллари — Янги Зеландия тадқиқотчиси ва альпинисти акс этган. Орқа томонида сариқ кўзли пингвин (ҳоиҳо қуши), мойчечак ва қирққулок ўсимликлари тасвирланган. Ҳозирда 5 Янги Зеландия долларининг айирбошлаш қиймати 3,47 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

Янги Зеландияга ушбу танловда Шотландиянинг 5 фунти, Гамбиянинг 100 даласи, Швециянинг 20 кронаси, Қозоғистоннинг 20 минг тенгеси, Украинанинг 100 гривналик банкнотлари рақиблик қилган.

«Йил банкноти 2014» — Тринидад ва Тобагонинг 50 доллари

Фото: BanknoteNews

2014 йилда ХБЖ Тринидад ва Тобаго Марказий банкининг 50 долларлик банкнотини «Йил банкноти» номинацияси ғолиби деб эълон қилди. Банкнот полимер материалда, ўлчами 152×70 мм, горизонтал шаклда чоп этилган бўлиб, 2014 йил 15 декабрда муомалага чиқарилди. Унинг олд томонида қизил гибискус гули ва кардинал қуши тасвирланган. Пулнинг орқа томонида ҳам парвоз этаётган кардинал қуши, шунингдек, Эрик Вильямснинг Порт-оф-Спейндаги (мамлакат пойтахти) молиявий мажмуаси ва карнавал либосидаги раққоса акс этган. Бугунги кунда 50 Тринидад ва Тобаго долларининг айирбошлаш қиймати 7,36 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

2014 йилда дунёда 130 дан ортиқ янги банкнотлар чоп этилган, улардан 35 га яқини танловда қатнашган. Тринидад ва Тобаго долларининг рақиблари орасида Польшанинг 20 злотийси, Исроилнинг 50 шекели, Қозоғистоннинг минг тенгеси, Қувайтнинг 10 динорлик банкноти бўлган.

«Йил банкноти 2013» — Қозоғистоннинг минг тенгеси

Фото: BanknoteNews

«Йил банкноти 2013» танловида Қозоғистон миллий банкининг минг тенгелик банкноти биринчи ўринни эгаллади. У 2013 йил 12 декабрда муомалага чиқарилган бўлиб, ўлчами 134×70 мм, вертикал ва горизонтал шаклларда 20 млн нусхада чоп этилган. Унинг олд томонида «Қозоқ Эли» (Нур-Султон шаҳридаги) ёдгорлиги ва «Култегин» ҳайкалининг бир қисми акс этган. Орқа томонида туркий ёзув ёдгорлиги фонида турк жангчиларининг петроглиф тасвирлари мавжуд. Ҳозирда минг тенгенинг айирбошлаш қиймати 2,35 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

Таъкидланишича, 2013 йилда дунёда 50 дан ортиқ янги банкнотлар, жумладан Ўзбекистонда 5 минглик банкнот чоп этилган. Улардан 12 таси танловда қатнашган. Қозоғистон билан бирга биринчилик учун Европа Иттифоқининг 5 евроси, АҚШнинг 100 доллари, Россиянинг 100 рубли, Канаданинг 10 долларлик банкноти курашган. Маълумот учун, Қозоғистон миллий валютаси ушбу танловда 3 йил кетма-кет биринчи ўринни эгаллаб келган.

«Йил банкноти 2012» — Қозоғистоннинг 5 минг тенгеси

Фото: BanknoteNews

2012 йилда «Йил банкноти» номицияси соҳиби Қозоғистон миллий банкининг 5 минг тенгелик банкноти бўлди. Қоғоз пул ўлчами 144×76 мм, вертикал ва горизонтал шаклда чоп этилган бўлиб, 2011 йил 30 декабрда муомалага чиқарилди. Банкнотнинг олд томонида «Қозоқ Эли» (Нур-Султон шаҳридаги) ёдгорлиги, парвоз этаётган кабутарлар ва қоплон акс этган. Горизонтал форматнинг орқа томонида мамлакат харитаси фонида тоғлар, Олмаотадаги «Қозоғистон» меҳмонхонаси ва «Мустақиллик ёдгорлиги» бор. Бугунги кунда 5 минг тенгенинг айирбошлаш қиймати 11,77 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

Маълумотларга кўра, 2012 йилда 100 га яқин янги банкнотлар чоп этилган. Улардан 13 таси, жумладан Канаданинг 50 доллари, Жерсининг 100 фунт стерлинги, Туркманистоннинг 20 манати ва Уммоннинг 50 риали биринчи ўрин учун курашган.

«Йил банкноти 2011» — Қозоғистоннинг 10 минг тенгеси


Фото: BanknoteNews

2011 йилда мазкур танлов совриндори Қозоғистон миллий банкининг 10 минг тенгелик банкноти бўлди. 2011 йил 4 июлда муомалага чиқарилган ушбу банкнот ўлчами 149×79 мм, вертикал ва горизонтал шаклда 30 млн нусхада чоп этилган. 10 минг тенгелик банкнот Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган. Қозоқ пулининг олд томонида, аксарият дизайндаги банкнотларга ўхшаб, «Қозоқ Эли» (Нур-Султон шаҳри) ёдгорлиги ва парвоз этаётган кабутарлар тасвирланган. Унинг орқа томонида мамлакат президентининг «Оқорда» қароргоҳи акс этган. 10 минг тенгенинг бугунги айирбошлаш қиймати 23,54 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

Ўша йилда дунё бўйлаб 100 га яқин янги банкнотлар муомалага чиқарилган. 12 та янги дизайндаги банкнот танлов учун лойиқ деб топилди. Қозоғостон миллий валютасининг 2011 йилдаги рақиблари Канаданинг 100 доллари, Гибралтарнинг 100 фунт стерлинги, Шри-Ланканинг минг рупияси ва Брунейнинг 10 ринггитлик банкнотлари бўлган.

«Йил банкноти 2010» — Уганданинг 50 минг шиллинги

Фото: IBNS

2010 йилда «Йил банкноти» номициясида Уганда банкининг 50 минг шиллинглик банкноти ғолиб чиқди. Қоғоз пулнинг олд томонида «Страйд» ёдгорлиги ва Бвинди тропик ўрмони тасвирланган. «Страйд» ёдгорлиги Ҳамдўстлик ҳукумат раҳбарларининг 2007 йилда Кампалада бўлиб ўтган учрашуви хотирасига ўрнатилган бўлиб, у эр, хотин ва ўғилдан иборат, яъни бир оила тимсоли Ҳамдўстлик мамлакатларининг биргаликдаги ривожи рамзини акс этмоқда. Банкнотнинг орқа томонида тоғ гориллалари ва «Мустақиллик ёдгорлиги» мавжуд. 1962 йил октябрь ойида Уганданинг мустақиллиги шарафига ўрнатилган ҳайкалда миллатнинг туғилиши шарафига боласини бошига кўтариб занжирбанд қилинган аёл тасвирланган. Ҳозирда 50 минг шиллингнинг айирбошлаш қиймати 14,15 долларга тенг (мақола эълон қилинган санада).

2010 йилда Уганданинг шиллингига 13 та янги банкнот, жумладан Даниянинг 200 кронаси, Мексиканинг 500 песоси, Қозоғистоннинг минг тенгеси, Тожикистоннинг 500 сомониси ва Суриянинг 50 фунти рақиблик қилган.

Ҳозирда Халқаро банкнот жамияти «Йил банкноти 2021» танлови учун таклифларни қабул қилмоқда. Айни пайтгача тўртта банкнот — Уммоннинг ярим риали, Англия банкининг 50 фунт стерлинги, Шотландиянинг 50 фунти ва Саудия Аравистонининг 200 риали банкнотлари рўйхатга олинди. Ғолиб 2022 йилда ташкилот аъзолари томонидан овоз бериш орқали аниқланади.