Ҳозирда Афғонистонга тижорий ёки бошқа мақсадда бориб, мураккаб вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари мавжуд эмас.

Бу ҳақда Сенатнинг 18 ялпи мажлиси давомида ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев маълум қилди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурханов ТИВ вакилидан Афғонистонга тижорат ёки бошқа мақсадда борган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қандай ҳимоя қилинаётганини сўради.

Таъкидланишича, ҳозирда Афғонистоннинг Қобул шаҳрида Ўзбекистоннинг элчихонаси ва Мозори-Шарифда консуллиги фаолият юритмоқда.

«Элчихонамиз ва консуллигимиз бугунги кунда фаолиятини давом эттиряпти. Улар Афғонистон ҳудудида бизни фуқароларимиз бўлган тақдирда аниқ ёрдамни кўрсатади. Лекин, бугун кун ҳолати бўйича Афғонистонга тижорий ёки бошқа мақсадда бориб, қандайдир қийин аҳволга ёки мураккаб вазиятга тушган фуқароларимиз мавжуд эмас», — деди Фарҳод Арзиев.

Аввалроқ, «Газета.uz» Фарҳод Арзиевга таяниб, Афғонистонда яшаётган ва меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг президент сайловида овоз беришини ташкиллаштириш учун сайлов участкалари очилиши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

Бунга қадар, ТИВ чет элда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг президент сайловида қатнашиши учун 49 та давлатда 54 та стационар ва 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилиши ҳақида хабар қилганди.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати АҚШ ва унинг иттифоқчилари республикадан қўшинлар олиб чиқилишини эълон қилганидан сўнг Афғонистон ҳудудининг кўп қисмини эгаллаб олди. 34 вилоятдан қаршиликлар фақат Панжшерда давом этмоқда, у ерда қўмондон Аҳмад Масъуд ҳимояни ушлаб турибди.