11 август куни Марказий сайлов комиссияси, ТИВ ходимлари ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Унда октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловида хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг иштирокини таъминлаш масаласи муҳокама қилинган.

ТИВ матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари мавжуд бўлган 38 та давлатда 54 та (55 та дипваколатхона, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консулхона ва БМТдаги ваколатхонада биргаликдаги) стационар сайлов участкалари ҳамда ушбу давлатларнинг 128 та шаҳрида ва дипломатик ваколатхоналар мавжуд бўлмаган 11 давлатда қўшимча равишда жами 316 та кўчма сайлов пункти ташкил этилиши режа қилинган.

Таъкидланишича, дипкорпус ва консуллик муассасалари томонидан сайловни хорижда юқори савияда ўтказиш мақсадида, маҳаллий ҳокимият, диаспорал ташкилотлар ҳамда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари кўп жойлашган корхона раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Дипломатик ваколатхоналардан тўпланган маълумотларга кўра, чет элдаги сайловчиларнинг бирламчи рўйхати шакллантирилган. Бироқ, аниқ рақам келтирилмаган.

«Дипломатик ваколатхоналар томонидан чет элдаги 151 ўзбек диаспорал ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Бундан ташқари, вазирлик таклифи асосида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 34 та хориждаги ўзбек диаспораси билан чет давлатларда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг бандлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик келишувлари имзоланди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, МСК Ўзбекистон президенти сайлови куни этиб 24 октябрни белгилади. Сайлов кампаниясига эса 23 июлдан бошлаб старт берилди.