Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрида экиладиган дарахт ва экинларни табиий иқлимдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш масаласига тўхталди.

Давлат раҳбари пойтахтда «газон» ва арчалар кўпайиб кетганини таъкидлади.

«Шаҳарнинг ҳамма жойида кўп сув талаб қиладиган арча ва „газон“ кўпайиб кетди. Наҳотки, ўзимизнинг шароитга мос кўчат навлари билан таъминлаш ҳақида ҳеч ким бош қотирмайди? Мисол учун, „газон“ ўрнига 12 ой кўм-кўк турадиган манзарали буталар, каштан, қайин, заранг (клён), лола дарахти экиш мумкин-ку?» — деб савол берди президент.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев икки ҳафта муддатда илмий асосланган ҳолда пойтахтнинг қайси кўчасида қандай дарахт ва экинларни жойлаштириш бўйича тақдимот қилиш ва йил якунига қадар Бўзсув сув иншоотининг бўш турган 40 гектар майдонида «яшил ҳудуд» ташкил этиш вазифасини қўйди.

Шунингдек,икки ой муддатда Тошкентга янги қўшилаётган ҳудудларнинг 1,5 минг гектарида дарахтзорлар ташкил этиш ишларини бошлаш, ҳудудларда йил якунига қадар аҳоли массивларида 855 гектар майдонга эга «яшил майдон» ҳамда 585 гектар майдонда жамоат паркларини ташкил этиш вазифаси белгиланди. Бунда ушбу ҳудудларни ер ва мулк солиғидан озод қилиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари дарахтларни бино ва иншоотлар мулкдорларига бириктириш ва кадастр паспортини тақдим этиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.