Швейцария ҳукумати томонидан беғараз кўмак сифатида FFP2 маркали 1 млн 145 минг дона тиббий ниқоблар Ўзбекистонга олиб келинди. Юк душанба куни Тошкент аэропортига етказиб берилди, дея хабар бермоқда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабар бермоқда.

Тиббий ниқоблар коронавирусга қарши курашиш доирасида Ўзбекистон тиббиёт муассасаларининг тиббий таъминот заҳираларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида жўнатилган, дейилади хабарда.

Аввалроқ Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги мазкур самолёт Кобулдан эвакуация қилинган Швейцария фуқаролари ва бошқа одамларни ҳам олиб кетишини маълум қилган.

Дастлаб шанба куни 300 ўринли Boeing 777−300 ER самолётини юбориш ва 1,3 миллион ниқобни етказиб бериш режалаштирилган эди, лекин Кобул аэропорти атрофидаги беқарор вазият туфайли чартер рейсни қисқа муддатга қолдиришга тўғри келган.

Бугун одамлар Кобулдан фақат аэропорт орқали кетиши мумкин. Аэропортнинг ўзи АҚШ ҳарбийлари томонидан назорат қилинади, лекин Афғонистон пойтахтидан аэропортгача йўл хавфсиз эмас ва аэропорт биносига кириш қийин. Мамлакатни тарк этмоқчи бўлганлар, фақат Германия ҳарбийларининг Тошкентга учаётган самолётларида жой бўлса, аэропортнинг чиқиш жойига олиб борилмоқда.

«Бундай шароитда Ўзбекистон пойтахти муҳим роль ўйнайди: Кобулдан учиб келган одамлар ўз саёҳатини тез давом эттириши керак, шунда Тошкентда Кобулдан келадиган янги ҳарбий самолётлар учун жой бўшайди», — дейилади Швейцария ТИВ баёнотида.

23 август куни Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги Швейцария гуманитар ёрдам департаментининг (SHA) саккиз аъзоси самолёт орқали етиб келганини маълум қилди.Улардан иккитаси эвакуация қилинганларга Швейцарияга қайтишда ҳамроҳлик қилади, қолган олти нафари Тошкентда қолади ва жойлардаги жамоага қўшилади. Парвозга, шунингдек, борт хавфсизлиги учун масъул бўлган Федерал полиция агентлигининг (Fedpol) саккиз ходими ҳамроҳлик қилади.

Охирги бир неча кунда Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан қарийб 2000 нафар чет давлатлар фуқаролари эвакуация қилинди.