Ўзбекистон қатор давлатлар билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳозирги вақтда Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия, Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

ТИВ маълумотларига кўра, хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда дастлабки тарзда келишилган мамлакатларга жўнатилаётган ҳам чет эл фуқаролари, ҳам Афғонистон фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш ва Ўзбекистон ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш бўйича тартибли ишлар йўлга қўйилган.

«Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳудуди орқали 1982 нафар чет эл фуқаросини эвакуатсия қилиш таъминланди», — дейилади хабарда.

Эвакуация қилинаётган фуқароларга Ўзбекистон ҳудудида қисқа муддатли бўлиб туриш пайтида карантин чораларига қатъий риоя этган ҳолда барча зарур ёрдам кўрсатилмоқда, шундан сўнг кечиктирилмасдан режалаштирилган манзил-мамлакатига жўнатилмоқда.