Паралимпия ўйинлари очилиш маросимида енгил атлетикачилар Муҳаммад Рехсимов ва Нурхон Қурбонова Ўзбекистон байроқдорлари бўлиши ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси 21 август куни Японияга етиб борди. Нарита аэропортида олинган тест натижаларига кўра, дзюдо бўйича бир нафардан спортчи ва мураббийда коронавирус инфекцияси аниқланди ва улар Токио шаҳрида карантинга олинди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди.

Шунингдек, енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзоси Нурхон Қурбонова самолётда уларга яқин масофада бўлганлиги боис бу спортчига ҳам Халқаро паралимпия ташкилий қўмитаси ҳамда Япония ҳукумати талабларига мувофиқ карантин эҳтиёт чораси қўлланилди. Шу сабабли Қурбонова бугун Тошкент вақти билан соат 16:00 да бошланадиган очилиш маросимида байроқдор сифатида иштирок эта олмайди.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан параканоэ бўйича Жаҳон чемпиони Шаҳноза Мирзаева Мухаммад Рехсимов билан биргаликда байроқдор сифатида иштирок этиши таклифи маъқулланди.

«Газета.uz» аввалроқ мусобақалар 24 августдан 5 сентябргача бўлиб ўтиши, уларда 22 та спорт тури бўйича 540 та медаллар жамланмаси ўйналиши ҳақида ёзган эди. Ўзбекистон миллий термасининг 48 нафар аъзоси 8 та спорт тури бўйича 55 та лицензияни қўлга киритган.

Эслатиб ўтамиз, Ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқулова Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлганди. Ундан аввалроқ, мамлакат байроқдорлари сифатида гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо-Усмон Батуров эълон қилинган эди.