Президент фармонига кўра, 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади. Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдори ойига 270 минг сўм, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори эса ойига 822 минг сўм этиб белгиланди.

«Газета.uz» аввалроқ, бунинг фонида Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори ошиши ҳақида хабар берган эди. Жумладан, ҳужжатсиз юриш 270 минг сўм, «қизил»дан ўтиш 540 минг сўм, телефонда гаплашиш 810 минг сўм ҳамда маст ҳолда ҳайдаш 6 млн 750 минг сўм этиб белгиланади.

Халқ демократик партияси мазкур вазиятга муносабат билрдирди.

Партиянинг таъкидлашича, ойлик оширилиши билан бир вақтда базавий ҳисоблаш миқдори ва тўланадиган жарималар ҳажмининг ошиши жамоатчилик орасида айрим фикрларга сабаб бўляпти.

«Хусусан, „ойликлар билан бир пайтда жарималар ҳам, нарх-наво ҳам ошса, бу тарзда ўзгаришдан нима фойда?“, деган мазмунда саволлар ҳам берилмоқда. Ўйлаб кўрсак, бу савол ва фикрларда асос йўқ эмас», — дейилади баёнотда.

ХДП муносабатида айтилишича, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа 440 минг сўм. Машинада светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетилса, 540 минг сўм, машина белгиланмаган жойга қўйилса ҳам 540 минг сўм жарима тўланади.

«Тўғри, базавий ҳисоблаш миқдори давлат мукофотлари, унвонлар, эсдалик нишонлар учун назарда тутилган мукофот миқдорларини, озиқ-овқат, йўлкира учун харажатлар қийматини қоплаш, ободонлаштириш ходимларининг озиқ-овқати БҲМнинг бир баравари миқдорида компенсациялар миқдорини белгилашда ҳам қўлланилади. Лекин фуқароларнинг қанча қисми ёки неча фоизи бундан фойдаланади? БҲМнинг ошиши тор доирадаги қатламга манфаатли бўлиши мумкин, аммо жарималар ва бошқа миқдорларнинг ошиши барчага бирдек қийинчилик туғдириши мумкин», — дейилади хабарда.

Шунингдек, партия томонидан иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан, пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори эса минимал истеъмол харажатидан келиб чиқиб белгиланса, унда базавий ҳисоблаш миқдорини ошириш қанчалик даражада зарурлиги ҳақида савол қўйилди.

«Коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг даромадлари камайиб кетган, кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмай турган бир пайтда жарималар миқдорининг оширилиши жамиятда ночор қатламнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Фуқароларнинг иқтисодий ҳолати, ижтимоий кайфияти жарималар миқдори ошишига тайёр эмас. Шунинг учун ойлик, нафақа ва пенсиялар миқдорини оширганда, тегишли мутахассис ва мутасаддилар БҲМни кўтариш масаласини ҳар томонлама таҳлил қилиб кўриши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз», — дейилади партия муносабатида.