Ўзбекистон президенти ишбилармонлар билан мулоқоти давомида ҳамма арзон кредит олишни хоҳлашини, бироқ фоизни сунъий пасайтириш бозордаги мувозанатга салбий таъсир кўрсатишини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Лекин, кредит фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул бозоридаги мувозанат бузилади. Шунинг учун, иқтисодиётга арзон кредит берамиз деб, макроиқтисодий барқарорликни унутиб қўймаслигимиз лозим. Барқарорлик бўлмаса, иқтисодий ўсиш бўйича кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада, фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишлар изчил давом этиши қайд этилди.

«Замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун, ҳудудларда банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилмоқда», — деди давлат раҳбари.

Ушбу марказлар тадбиркорларга, айниқса ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади, ҳамда уларга бизнес жараёнининг барча занжирида кўмакдош бўлади.

«Умуман, инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз. Бу эса, табиий равишда кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради», — дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Аввалроқ, президент ишбилармонлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди. «Банкларнинг капиталини ошириш бўйича, қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида, қўшимча 600 млн доллар ажратилади», — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, президент тадбиркорларга кредитни миллий валюта — «сўм»да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилишини маълум қилган эди.