Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга кредитни миллий валюта — «сўм»да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Бундан буён, Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан, банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 млн долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 млрд долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади", деди президент.

Таъкидланишича, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига, тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30−40 трлн сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади.

Аввалроқ, президент ишбилармонлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди. «Банкларнинг капиталини ошириш бўйича, қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида, қўшимча 600 млн доллар ажратилади», — деган эди Шавкат Мирзиёев.