Ишбилармонлар билан мулоқот давомида Шавкат Мирзиёев уларни қийнаётган муаммоларни барчасидан хабардор эканлигини айтди, деб хабар беряпти «Газета.uz» мухбири.

«Мен, сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис, сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман. Бугунга қадар, энг долзарб муаммоларни тизимлашт́ириб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича, чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Бугун Сизлар билан биргаликда, уларни батафсил муҳокама қилиб олмоқчимиз», — деди президент.

У биринчи йўналишда ишбилармонлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ эканлигини маълум қилди.

«Жумладан, ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги, ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган», — деди у.

Мисол тариқасида Ургутда электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган «Сам Электро Сервис» корхонаси икки ярим миллиард сўм кредитни 3 йил муддатга олгани, корхона фойда билан ишлаши учун эса, унга камида 5 йил муддат кераклигини айтди.

«Ҳақиқатдан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди. Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8−10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит, валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига, қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам, ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш учун оғир юк бўлиб турганини кўрсатмоқда.

Шу боис, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича, кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.

«Банкларнинг капиталини ошириш бўйича, қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида, қўшимча 600 миллион доллар ажратилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилиши таъкидланди. «Қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим қилса, ушбу маблағлар шу банкларга ажратилади», — деди у.

Мазкур маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам, ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилиши айтилди.

«Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 трлн сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади. Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга, йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз», — деди президент.

Бу ҳам ўз навбатида, тадбиркорлар учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган, соғлом рақобат пайдо бўлади.

«Бугунги йиғилишда қатнашаётган ҳар бир банк раҳбари „тобора кучайиб бораётган рақобатга муносиб бўлиш ҳамда тадбиркорларни рози қилиш учун, нимани ўзгартиришим керак“, деган саволни ўзига бериши ва жиддий хулоса қилиши лозим», — деди давлат раҳбари.