14 август куни 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчиси Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтди, дея хабар қилди ўзбек ТИВ матбуот хизмати.

Ташқи сиёсат маҳкамаси маълумотларига кўра, ҳарбий хизматчилар ДХХ Чегара қўшинлари чегара нарядлари томонидан қўлга олинган. Ўз навбатида, чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмаган ва уч нафар ярадорга тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

«Афғонистоннинг мазкур фуқаролари билан зарур текширув-фильтрлаш жараёнлари ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилди, уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинча жойлашиши ташкил этилди», — дейилади ТИВ хабарида.

Шу билан бирга, Термиз-Ҳайратон кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилди. Бу шахсларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва «Термиз-Ҳайратон» кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бормоқда.

Бундан ташқари, 14 август кун давомида «Термиз-Мозори-Шариф» темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ватанга қайтариш ташкил этилди.

«Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган. Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилган», — дея таъкидлади ТИВ.

Эслатиб ўтамиз, шанба куни «Толибон» Афғонистон шимоли-ғарбидаги Балх вилояти маъмурий маркази Мозори Шариф шаҳрини эгаллагани ҳақида эълон қилди. ОАВнинг хабар беришича, афғон ҳукумати қўшинларининг бир қисми Ўзбекистон билан чегара ҳудудига қочган.