Ўзбекистонда президент сайловлари куни 24 октябрга белгиланди. Бу ҳақда 23 июль куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Йиғилиш якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида МСК раиси Зайниддин Низамходжаев Сайлов кампанияси 23 июлдан бошланишини эълон қилди.

Ушбу сайловларда 5 та партия — «Адолат» СДП, «Миллий тикланиш» ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади.

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Зайниддин Низамходжаев «президент сайловлари янги танланган миллий сайлов қонунчилиги асосида умумэътироф этилган халқаро стандартларга, шунингдек демократик тамойилларга асосан — очиқ ва ошкора» ўтказилишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда деярли 21 миллион киши ягона электрон сайловчилар рўйхатига киритилган.

Аввалроқ сайловларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга 300 млрд сўм маблағ ажратилгани хабар қилинган эди. Умумпартиявий тадбирлар ва номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғиботига жами 15 млрд 486 млн сўм йўналтирилади — ҳар бир номзодга 3 млрд 97 млн сўмдан тўғри келади.

У шунингдек, сайлов округлари ва участкалари бўйича ҳам маълумот берди.

«Бу йилги президент сайловида 14 та сайлов округи ва 10 минг 776 та сайлов участкаси тузилиши режалаштирилган. Шу вақтгача республика ва худудий тренерлар гуруҳи томонидан 33 мингга яқин сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибликка номзодларнинг билим ва малакаси оширилди», — деди Низамходжаев.

Қолаверса, участка сайлов комиссиялари аъзоларини Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва СЯЭР билан ишлашга ўргатиш бўйича махсус ўқув режа ва дастур ҳам ишлаб чиқилган. 33 минга яқин ахборот тизими операторлари босқичма-босқич тайёрланади.